АҚШ ҳужумидан сўнг Эроннинг янги раҳбарининг кўринишига путур етган — ОАВ
АҚШ зарбасидан юзидан жароҳатлангани ва оёқларидан айрилгани айтилаётган Эроннинг янги Олий раҳбари мамлакатни яширинча бошқармоқда. Унинг ҳақиқий аҳволи қандай?

Эроннинг янги Олий раҳбари этиб тайинланган Мўжтабо Хоманаий Теҳрон марказидаги қароргоҳга берилган АҚШ авиазарбаси оқибатида юзи ва оёқларидан жиддий жароҳат олган. Шунга қарамай, у мамлакатни бошқаришда давом этмоқда.
«Reuters» агентлигининг Хоманаийнинг яқин атрофидаги учта манбага таяниб хабар беришича, янги раҳбарнинг ақли-ҳуши жойида ва у давлат бошқарувини йўқотмаган. Гарчи унинг юзи таниб бўлмас даражада ўзгарган ва бир ёки икки оёғидан айрилган бўлса-да, у ўз вазифаларини бажармоқда.
56 ёшли Мўжтабо Хоманаий юқори мартабали амалдорлар билан фақат аудиоконференциялар орқали мулоқот қилмоқда. У уруш ва АҚШ билан музокаралар каби энг муҳим масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда бевосита иштирок этмоқда.
Эрон расмийлари раҳбарнинг жароҳатлари ҳақида ҳали расмий баёнот бермаган. Аммо 8 март куни у Олий раҳбар этиб тайинлангач, давлат телеканалларида уни урушда оғир яраланганларга нисбатан ишлатиладиган термин билан атай бошлашди.
Пентагон ва разведка
АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет аввалроқ Мўжтабо Хоманаийнинг яралангани, юзи мажруҳлангани ва яшириниб юрганини таъкидлаган эди. Президент Доналд Трамп эса унинг тириклигига ҳам шубҳа билдирган.
Америка разведкаси маълумотлари билан таниш бўлган манбаларга кўра, янги етакчи оёқларидан бирини йўқотган. Эрон мухолифати эса унинг комада эканини ёки даволаниш учун Москвага яширин рейс билан олиб кетилганини иддао қилмоқда.
Яқин манбалар унинг бир-икки ой ичида соғлиғи ва хавфсизлик ҳолати изн берса, оммага кўринишини айтмоқда.
Ҳалокатли авиазарба тафсилотлари
Эроннинг янги раҳбари 28 феврал куни АҚШ ва Исроилнинг қўшма операциясининг биринчи кунида яраланган эди. Бу ҳалокатли зарба натижасида 1989 йилдан бери давлатни бошқариб келган унинг отаси Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлди.
Ушбу ҳужумда Мўжтабо Хоманаийнинг рафиқаси, куёви ва келини ҳам қурбон бўлган. Айнан шу мудҳиш воқеадан сўнг, умуман ҳеч қандай фото, видео ёки аудио ёзувлар эълон қилинмади.
Ҳозирда бу маълумотлар Покистонда АҚШ билан бошланган ўта муҳим тинчлик музокаралари фонида тарқалмоқда.





