add

АҚШ «Lukoil» акцияларини хориждаги активларига алмаштириш бўйича схемага тўсиқ қўйди

16.12.2025 | 19:382682 дақиқа

АҚШ Молия вазирлиги «Lukoil» акцияларини унинг хорижий активларига алмаштириш режасини рад этиб, санкциялар доирасида битимни тақиқлади.

АҚШ «Lukoil» акцияларини хориждаги активларига алмаштириш бўйича схемага тўсиқ қўйди

АҚШ Молия вазирлиги америкалик инвесторлар гуруҳининг «Lukoil»нинг хорижий активларини сотиб олиш бўйича таклифини маъқулламади. Reuters манбаларининг хабар беришича, гуруҳга бошчилик қилган Xtellus Partners банки АҚШда жойлашган «Lukoil» акцияларини компаниянинг ташқи активларига алмаштириш орқали битимни амалга оширишни режалаштирган, деб ёзмоқда The Moscow Times нашри.

Xtellus ушбу активлар учун Exxon Mobil, Chevron, БААдаги International Holding Company, Венгриянинг MOL ҳамда америкалик Carlyle компанияси билан рақобатлашган. Гап Болгария, Руминия ва Нидерландиядаги нефть қайта ишлаш заводлари, Европа ва бошқа минтақалардаги 2 мингтага яқин АЗС, шунингдек, Озарбойжон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Ироқ, Миср, БАА, Лотин Америкаси ва Африкадаги қазиб чиқариш активлари ҳақида бормоқда.

Xtellus таклифига кўра, америкалик инвесторлар қўлидаги «Lukoil» акциялари хорижий активларга алмаштирилиб, кейинчалик ушбу акциялар яна Россия нефт гигантига қайтарилиши керак эди. Бироқ АҚШ Молия вазирлиги санкциялар остидаги қимматли қоғозлардан фойдаланган ҳолда бундай операция ўтказиш мумкин эмаслигини маълум қилди.

Эндиликда инвесторлар қарори юқори даражада қайта кўриб чиқилишини талаб қилмоқчи ва махсус лицензия олиш учун қайта ариза топширишни режалаштирмоқда. Бироқ манбаларга кўра, АҚШ расмийларининг позицияси жуда қатъий бўлиб қолмоқда.

АҚШ октябр ойида «Lukoil»га нисбатан блокловчи санкциялар жорий этган ва компанияга хорижий активларини сотиш учун дастлаб 21 ноябргача муддат берган эди. Кейинчалик бу сана 13 декабрга, сўнгра 2026 йил 17 январгача узайтирилди. Агар белгиланган муддатга қадар келишувга эришилмаса, «Lukoil»нинг ташқи активлари маҳаллий ҳокимиятлар томонидан мусодара қилиниши хавфи мавжуд.

Аввалроқ Ўзбекистон «Lukoil»га киритилган санкциялари юзасидан қандай иш олиб бораётгани ҳақида хабар берган

Теглар

Мавзуга оид