
АҚШ ўз фуқароларини Эронни зудлик билан тарк этишга чақирди
Давлат департаменти баёнотида таъкидланишича, Америка фуқаролиги бўлишининг ўзи Эрон расмийлари томонидан ҳибсга олиниш учун етарли сабаб бўлиши мумкин.

АҚШ Давлат департаменти ва Теҳрондаги Виртуал элчихона Эрон ҳудудида бўлган Америка фуқароларини мамлакатни зудлик билан тарк этишга чақирди. Расмий огоҳлантиришда мамлакатда уч ҳафтадан бери давом этаётган ҳукуматга қарши намойишлар, оммавий зўравонликлар ва интернет алоқасининг тўлиқ ўчирилиши асосий хавф омиллари сифатида кўрсатилди.
Халқаро оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, намойишлар давомида 500 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлган, ўн минглаб шахслар ҳибсга олинган. АҚШ расмийлари таъкидлашича, айрим ҳолларда фақат Америка фуқаролигига эга бўлишнинг ўзи Эрон хавфсизлик идоралари томонидан ҳибсга олиш учун асос бўлиши мумкин.
Огоҳлантиришда Америка фуқароларига Эронни қуруқлик йўли орқали Арманистон ёки Туркия томон тарк этиш тавсия этилган. Икки фуқароликка эга бўлган шахслар мамлакатдан чиқишда Эрон паспортларидан фойдаланишга мажбур экани қайд этилган.
Эронда АҚШнинг элчихонаси ёки консуллиги мавжуд эмас. Фавқулодда ҳолатларда айрим чекланган хизматларни Швейцария элчихонаси амалга оширади, бироқ мунтазам консуллик ёрдами тақдим этилмайди. Бу эса ҳибсга олинган Америка фуқароларининг ташқи ёрдам олиш имкониятини деярли йўққа чиқаради.
Транспорт ва алоқа соҳасидаги чекловлар ҳам кучайган. Йўллар ёпилган, жамоат транспорти фаолияти чекланган, авиакомпаниялар эса айрим рейсларни бекор қилган. Айрим ташувчилар парвозларни 16 январга қадар тўхтатган. Шу билан бирга, Туркманистонга ўтиш учун олдиндан рухсат талаб қилинади, Озарбайжон йўналишида эса чекловлар мавжуд бўлиши мумкин.
Сўнгги кунларда АҚШ раҳбариятига Эронга нисбатан эҳтимолий ҳарбий чоралар бўйича янги вариантлар тақдим этилгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди.
Аввалроқ АҚШ маъмурияти Эрондаги оммавий норозилик намойишлари фонида Теҳронга нисбатан босимни кучайтиришнинг турли вариантларини кўриб чиқаётган эди.
Эрон президенти Масуд Пизишкиён эса намойишчиларни «чет элдан бошқарилаётган террорист гуруҳлар» деб атаб, уларни АҚШ ва Исроил қўллаб-қувватлаётганини айтган.
«Бу одамлар ушбу мамлакатга тегишли эмас. Агар кимдир шу юрт фарзанди бўлса, майли, эътироз билдирсин — биз уларнинг норозилигини эшитамиз, уни тинглаймиз ва муаммони ҳал қиламиз. Улар жойида айбсиз одамларни ўлдирмоқда, ўт қўймоқда, буни қабул қилиб бўлмайди. Америка ва Исроил ўтириб олиб, уларга: Олдинга, биз ҳам шу ердамизъ, деб хитоб қилмоқда. Ўз вақтида ушбу мамлакатга ҳужум қилиб, ёшларимиз ва болаларимизни ўлдирган ўша одамлар, энди бу кимсаларга худди шундай қилишни буюриб: Биз шу ердамиз, сиз бориб вайрон қилинг, биз эса ортингиздан борамизъ, дейишмоқда», — деган Эрон раҳбари.





