
АҚШ ўзини ўзи депортация қилган мигрантларга 3 минг доллар тўлайди
АҚШ ҳукумати 31 декабрга қадар мамлакатни ўз ихтиёри билан тарк этган ноқонуний мигрантлар учун бериладиган тўловни 3 минг долларгача оширди.

АҚШда ноқонуний мигрантларни ўз ихтиёри билан мамлакатни тарк этишга рағбатлантириш мақсадида бериладиган тўлов миқдори 3 минг долларгача оширилади. Бу ҳақда мамлакат ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм маълум қилди.
«Ноқонуний муҳожирлар бу совғадан фойдаланиши ва ўзларини депортация қилиши керак, акс ҳолда биз уларни топамиз, ҳибсга оламиз ва улар ҳеч қачон қайтиб кела олмайди», деди Кристи Ноем.
Бунинг учун улар депортация жараёнини CBP Home иловаси орқали ўзлари ташкил этиши лозим.
Аввалроқ ватанига қайтгани тасдиқланган шахсларга минг доллар тўлаб келинган. Шу тартибда жорий йил октябр ойига қадар 1,6 миллион мигрант АҚШни тарк этган. Энди эса янги йилгача тўлов миқдори уч баробарга оширилмоқда.
Расмий ҳисоб-китобларга кўра, ноқонуний мигрантни аниқлаш, ҳибсга олиш ва мамлакатдан чиқариб юборишнинг ўртача қиймати 17 минг долларни ташкил этади. Шу сабабли «ўзини депортация қилиш» механизми давлат бюджети учун муқобил ва иқтисодий жиҳатдан мақбул ечим сифатида кўрилмоқда.





