АҚШ «Pfizer» ва бошқа фармацевтика гигантларини тергов қилмоқда
Мазкур корпорациялар Хитойда ўтказилган ва ушбу давлатнинг ҳарбий салоҳиятини оширишга хизмат қилган бўлиши мумкин бўлган клиник синовларга алоқадорликда гумон қилинмоқда.
© Foto: reutersАҚШ қонун чиқарувчиларининг икки партиявий гуруҳи бешта йирик фармацевтика компанияси, жумладан «Merck» ва «AbbVie» фаолияти устидан миллий хавфсизликка оид тергов бошлади. Ушбу компаниялар Хитойда ўтказилган ва мамлакатнинг ҳарбий салоҳиятини оширишга ёрдам берган бўлиши мумкин бўлган клиник синовларга алоқадорликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда «Reuters» агентлиги хабар берди.
Хитой бўйича махсус қўмита раиси Жон Муленар бошчилигидаги қонун чиқарувчилар компанияларга йўллаган мактубларида 17 июлга қадар Хитойдаги синов майдончаларида, хусусан, Шинжон минтақаси ва ҳарбий касалхоналарда маълумотларни ҳимоя қилиш жараёнлари ҳамда бошқа стандартлар ҳақида батафсил маълумот беришни талаб қилган. Қўмита шунингдек, «Eli Lilly», «Pfizer» ва «Bristol Myers Squibb» компанияларига ҳам худди шундай мактублар юборган.
Хат ортидан фонд биржаларида «Lilly», «Pfizer», «Merck» ва «Bristol Myers» акциялари қарийб 2 фоизга, «AbbVie» акциялари эса 1 фоизга арзонлашган.
Ахлоқий хавфлар ва интеллектуал мулк хавфсизлиги
Мактубларда Шинжон минтақасида уйғурлар ва бошқа озчилик миллатларга қарши ҳаракатлар мавжудлиги ва Хитой ҳарбий касалхоналарида тадқиқот ўтказиш Америка компанияларининг илғор биотехнологияларига оид интеллектуал мулки Хитой ҳарбийлари ихтиёрига ўтиб кетиши хавфини яратиши таъкидланган.
Қўмита маълумотларига кўра, «Merck» 2005 йилдан бери Хитойда 224 та клиник тадқиқотга ҳомийлик қилган ёки ҳамкорлик қилган, шулардан камида 31 таси Шинжонда ва 40 таси ҳарбий шифохоналарда ўтказилган. «AbbVie» эса 2007 йилдан бери 100 дан ортиқ тадқиқотда иштирок этган бўлиб, уларнинг 17 таси Шинжонда, 16 таси ҳарбий марказларда амалга оширилган.
Ушбу ҳолат юзасидан «Merck» компанияси беморлар хавфсизлиги ва ахлоқий яхлитлик уларнинг клиник тадқиқотларида устувор аҳамиятга эга эканини ва барча глобал кўрсатмаларга амал қилишини маълум қилди. «Pfizer» хат олганини тасдиқлади, «AbbVie» эса изоҳ беришдан бош тортди. «Bristol» ва «Lilly» ҳозирча сўровларга жавоб бермаган.
Хитойнинг АҚШдаги элчихонаси вакили қўмитанинг хатти-ҳаракатларида асосли ҳеч нарса йўқлигини ва Пекин савдо ҳамда технология масалаларини сиёсийлаштиришга қарши эканини билдирган.
Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда Хитой клиник синовлар ҳажми бўйича АҚШни ортда қолдира бошлаган. 2024 йилга келиб, янги дори-дармонларни ишлаб чиқиш бўйича глобал дастурларда АҚШнинг улуши 48 фоиздан 37 фоизгача тушган бўлса, Хитойнинг улуши 8 фоиздан 32 фоизгача ўсган.





