
АҚШ Россия газини «сўнгги молекуласи»гача Европадан йўқотмоқчи — Financial Times
Америка расмийлари Европа ва Осиёда Россия энергиясини босқичма-босқич тўхтатиш ҳаракатида. Россия эса ўз энергетикасини барқарор деб ҳисобламоқда.

Financial Times нашрининг ёзишича, АҚШ расмийлари Европанинг бир қатор мамлакатларига ташрифлар уюштириб, Россия гази ўрнига Америкада ишлаб чиқарилган ёқилғи етказиб беришни фаол тарғиб қилмоқда. Нашр манбаларига кўра, Вашингтоннинг мақсади — Россия газини «сўнгги молекуласи»гача Европадан сиқиб чиқаришдир.
Бу кампания нефт трейдери «Gunvor» компаниясининг Россиянинг санкциядаги «Lukoil» компанияси активларини сотиб олиш уриниши билан бир вақтга тўғри келди. FTʼнинг ёзишича, бу ҳолат «Gunvor» учун муаммоларни келтириб чиқарди. Чунки ОАВлар компаниянинг Россия билан ўтмишдаги алоқаларига эътибор қаратган.
Gunvor бир вақтлар россиялик миллиардер Геннадий Тимченкого тегишли бўлган. У 2014 йилда АҚШ санкцияларидан бир кун олдин 43,5 фоизлик ўз улушини швед ҳамкори Торбёрн Торнквистга сотган. Бугунги кунда Торнквист компаниянинг 86 фоиз акциясига эгалик қилади ва кузатув кенгашига раҳбарлик қилади.
Шунга қарамай, АҚШ расмийлари «Gunvor» компанияси борасида эҳтиёткор муносабатда бўлиб қолмоқда. АҚШ Давлат департаментининг собиқ санкциялар координатори Даниэл Фриднинг таъкидлашича, «Gunvor» Путин даврида Россия билан таниш бўлган ҳар қандай шахсга яхши маълум эди.
Шу билан бирга, АҚШ расмийлари Европа иттифоқи давлатларига расман Россия нефт ва газини харид қилишни тўхтатишни талаб қилмоқда. АҚШ Ички ишлар вазири Даг Бургумнинг сўзларига кўра, Америка делегациялари музокараларда доим Россия ва Эроннинг энергия манбаларини чеклашни таъкидлаб ўтмоқда.
АҚШ Энергетика вазири Кристофер Райт сентябр ойида баёнот бериб, Европанинг 2026 йил охиригача Россия газини ҳар қандай шаклда сотиб олишни тўхтатишини маълум қилган. «2027 йил 1 январдан бошлаб Европа бозорида Россия гази бўлмайди», — деган вазир.
Фақат Венгрия учун истисно қилинган. Будапешт бу имтиёз муддатсиз деб ҳисоблаётган бўлса, Вашингтон унинг муддати бир йил деб таъкидламоқда.
Россия Президенти Владимир Путин эса ноябрдаги чиқишида санкциялар Россия нефтини халқаро бозорда қисқартираётганини тан олди. Бу эса нефт ва нефт маҳсулотлари нархи ошишига сабаб бўлиши мумкин. Шунга қарамай, у: «Биз ўзимизни ишончли ва барқарор ҳис қилмоқдамиз. Йўқотишлар бўлади, албатта, аммо бу кўплаб омилларга боғлиқ», — дея таъкидлаган эди Путин.





