add

АҚШ-Россия ўртасидаги мулоқот музлатилди

АҚШ ва Россия ўртасидаги дипломатик мулоқот Украина масаласи атрофида тўхтаб қолди. Янги учрашувлар режалаштирилмаган, элчихоналар фаолияти тўлиқ тикланмаган ҳолда қолмоқда.

АҚШ-Россия ўртасидаги мулоқот музлатилди

АҚШ ва Россия ўртасида икки томонлама муносабатлардаги муаммоларни ҳал қилиш мақсадида олиб борилган мулоқот жараёни музлатилди. Москва ва Вашингтондаги элчихоналарнинг тўлиқ фаолиятини тиклашга қаратилган музокараларнинг янги босқичи режалаштирилмаган. Бу ҳақда АҚШнинг Россиядаги ваколатхонаси «Известия» газетасига маълум қилди.

Қайд этилишича, мулоқотнинг охирги босқичи 10 апрел куни Туркияда ўтган. Шундан сўнг учрашув учун янги сана белгиланиши кутилган, аммо бу амалга ошмади. АҚШдаги Россия элчиси Александр Дарчиев июн ойида учрашув «яқин вақтда бўлади» деб маълум қилган эди. Кейинроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги музокаралар АҚШ ташаббуси билан бекор қилинганини билдирди.

Октабр охири – ноябр бошига белгиланган навбатдаги учрашув ҳам икки томон келишувига эга бўлмади. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг таъкидлашича, мулоқот тўлиқ тўхтаб қолмаган, аммо жараён «жуда секин кетмоқда». У янги учрашув қачон ва қаерда бўлиши ҳақида аниқ маълумот беришдан тийилди.

Россия Фанлар академияси етакчи илмий ходими Павел Шариковга кўра, элчихоналарнинг тўлақонли фаолиятини тиклаш, Россиянинг дипломатик мулкини АҚШга қайтариш, мамлакатлар ўртасидаги авиақатновларни тиклаш ва умуман муносабатларни нормаллаштириш бўйича маслаҳатлашувлар Москва ва Киевнинг урушни тугатиш бўйича натижасиз якунланган музокаралари билан бир вақтда олиб борилган.

«Ҳозирги кунда Россия-АҚШ мулоқотининг 99 фоизи Украина масаласи атрофида айланмоқда. Шу билан бирга, айни пайтда Москвада Америка элчиси йўқлиги сабабли, барча муҳокамалар тўғридан-тўғри Оқ уй маъмурияти билан олиб борилмоқда», — дея таъкидлади Шариков.

Эслатиб ўтамиз, октабр ойининг охирида АҚШ президенти Доналд Трамп Россияга нисбатан ўз позициясини кескин ўзгартирди. У Будапештда Россия президенти Владимир Путин билан режалаштирилган учрашувни бекор қилди ҳамда мамлакатнинг икки йирик нефт компанияси — «Роснефт» ва «Лукойл»га нисбатан санкциялар жорий этди.

Теглар

Мавзуга оид

АҚШ-Россия ўртасидаги мулоқот музлатилди | Vaqt.uz