Logo

АҚШ ва Эрон тинчлик келишувига яқинлашди

Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф АҚШ ва Эрон ўртасида муҳокама қилинаётган тинчлик келишувининг якуний матни томонлар томонидан маъқулланганини маълум қилди.

АҚШ ва Эрон тинчлик келишувига яқинлашди © thecsrjournal.in

Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф 12 июн куни АҚШ ва Эрон ўртасидаги тинчлик келишувининг якуний матни бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Покистон воситачилигида олиб борилган музокаралар натижасида томонлар ҳужжатнинг охирги вариантини маъқуллаган.

Айни пайтда Исломобод Вашингтон ва Теҳрон билан келишувни амалга оширишнинг кейинги босқичлари бўйича ҳамкорликни давом эттирмоқда. AFP агентлиги манбасига кўра, АҚШ ҳукумати келишувнинг яқин кунларда имзоланиш эҳтимолини 80–85 фоиз деб баҳоламоқда.

Келишув шартлари

Reuters манбаларига кўра, ҳужжат 14 июн куни — АҚШ президенти Доналд Трумпнинг 80 ёшлик юбилейи санасида имзоланиши мумкин. Маълум қилинишича, келишувнинг асосий шартларидан бири Эронда бойитилган уран захираларини мамлакат ҳудудидан олиб чиқиш ва йўқ қилиш ҳисобланади.

Шу куни Меҳр янгиликлар агентлиги АҚШ ва Эрон ўртасидаги 14 банддан иборат меморандум лойиҳасини эълон қилди. Лойиҳада ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш, Исроилнинг Ливандаги амалиётларини бекор қилиш, АҚШ қўшинларини Эрон чегараси яқинидан олиб чиқиш, Эрон портларига нисбатан чекловларни бекор қилиш ҳамда Ҳўрмуз бўғозини 30 кун ичида қайта очиш каби таклифлар мавжуд.

Келишувни имзолаш учун эҳтимолий майдон сифатида Швейсария кўриб чиқилмоқда. Мамлакат ташқи ишлар идораси томонлар рози бўлган тақдирда маросимни ўтказишга тайёр эканини маълум қилган.

Теҳрон эҳтиёткор позицияда

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи келишув ҳар қачонгидан ҳам яқин эканини таъкидлади. Шу билан бирга, у музокаралар якунланмагунча оммавий ахборот воситаларини ҳужжат мазмуни бўйича тахминлар қилишдан тийилишга чақирди.

Исроил келишув иштирокчиси эмас

Бироқ Исроил АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокараларда иштирок этмаган. Мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳу Тел-Авив мазкур келишувни қўллаб-қувватламаслигини маълум қилди.

Сўнгги ҳафталарда Нетаняҳу ва АҚШ президенти Доналд Трамп ўртасида Ливандаги вазият юзасидан келишмовчиликлар кузатилди. Вашингтон Исроилдан ҳарбий ҳаракатларни чеклашни талаб қилган бўлса, бу Теҳрон билан келишувга эришиш учун муҳим шартлардан бири сифатида кўрилмоқда.

Нефть нархи пасайди

Келишув ҳақидаги хабарлар жаҳон молия бозорларида ижобий кайфиятни кучайтирди. Шу билан бирга, Форс кўрфазидаги кескинлик сақланиб қолмоқда.

Шунга қарамай, инвесторлар можаро юмшаши мумкинлигига ишонмоқда. Натижада жаҳон фонд бозорларида ўсиш кузатилди, нефть нархлари эса пасайди. Brent маркали нефт нархи бир пайтнинг ўзида 3 фоиздан кўпроқ арзонлашиб, қарийб икки ой ичидаги энг паст даражага тушди.

Таҳлилчиларга кўра, узоқ давом этган можаро АҚШ маъмурияти учун ҳам сиёсий муаммога айланган. Ёқилғи нархларининг ошиши ва президент Доналд Трамп рейтингидаги пасайиш Оқ уйга қўшимча босим ўтказмоқда. Айрим республикачилар урушнинг оммабоп эмаслиги ноябрь ойидаги оралиқ сайловларда партия позицияларига салбий таъсир кўрсатишидан хавотир билдирмоқда.

Теглар

Мавзуга оид