
АҚШ Венесуэлага ҳужум қилди: Каракасда портлашлар, фавқулодда ҳолат жорий этилди
3 январ тонгда Венесуэла пойтахти Каракасда портлаш ва кучли шовқинлар кузатилган, айрим ҳудудлар электрсиз қолган.

2026 йил 3 январь куни тонг соатларида АҚШ Қўшма Штатлари Венесуэла ҳудудига авиазарбалар бергани ҳақида хабарлар тарқалди. Reuters агентлиги ва маҳаллий манбаларга кўра, Венесуэла пойтахти Каракас шаҳрида бир неча кучли портлаш овозлари эшитилган, осмонда тутун устунлари кузатилган ва пойтахт узра ҳаво ҳимоя тизимлари ишга туширилган.
Маҳаллий аҳоли маълум қилишича, асосий зарбалар Каракаснинг жанубий қисмига тўғри келган. Хусусан, Форт-Тиуна ҳарбий ҳудуди ҳамда генералиссимус Франсиско де Миранда номидаги авиабаза атрофида портлашлар кузатилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, пойтахт ҳудудида камида ўнга яқин ҳарбий ва стратегик объектлар нишонга олинган. Шу билан бирга, мамлакат шимолида жойлашган Варгас штатидаги Ла-Гуайра ҳарбий-денгиз базаси ҳам зарбага учрагани айтилмоқда.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Каракас осмонида АҚШга тегишли десант вертолётлари пайдо бўлган. Хусусан, оғир юк ташишга мўлжалланган “Чинук” туридаги вертолётлар ҳаракати қайд этилган. Бунга жавобан Венесуэла Ҳарбий-ҳаво кучлари ҳаво ҳужуми хавфи эълон қилиб, Су-30МКВ қирувчи самолётларини фавқулодда равишда ҳавога кўтарган.
Улар АҚШ самолёт ва вертолётларини тўхтатиш ҳамда ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш учун йўналтирилган.
Шу пайтгача АҚШ президенти Дональд Трамп Венесуэлага нисбатан махсус ҳарбий операция бошлангани ҳақида расмий баёнот бермади.
Reuters қайд этишича, Оқ уй ва Пентагон ҳам ҳодисалар юзасидан изоҳ беришдан тийилиб турибди. Бироқ бу воқеалар сўнгги ойларда Вашингтон томонидан Венесуэлага нисбатан босим кучайтирилиши фонида юз бермоқда.
АҚШ маъмурияти аввалроқ Венесуэла президенти Николас Мадуро ҳукуматини ҳокимиятдан кетишга мажбурлаш мақсадида санкцияларни кенгайтириш, минтақада ҳарбий ҳузурни ошириш ва наркотрафикка қарши операцияларни фаоллаштиришини бир неча бор маълум қилган эди.
Шунингдек, Тинч океани ва Кариб денгизида Венесуэла билан боғлиқ деб ҳисобланган кемаларга нисбатан ўнлаб ҳарбий зарбалар берилгани ҳақида ҳам ахборот тарқалган.
Каракасдаги сўнгги авиазарбалар ортидан айрим туманларда электр таъминоти узилгани, аҳоли ўртасида хавотир кучайгани хабар қилинмоқда. Расмий Каракас ҳозирча қурбонлар ёки зарар кўлами ҳақида аниқ маълумот бермади.





