add

АҚШ Венесуэлага қарши ҳарбий операция тайёрлаяпти. Россия ўз иттифоқчиси — Николас Мадурога ёрдам берадими?

АҚШ Венесуэлага қарши ҳарбий босимни кучайтирди, Мадуро Москвадан ёрдам сўраган.

АҚШ Венесуэлага қарши ҳарбий операция тайёрлаяпти. Россия ўз иттифоқчиси — Николас Мадурога ёрдам берадими?

АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет Лотин Америкаси наркокартелларига қарши «Жанубий найза» операцияси бошланганини эълон қилди. У ҳеч қандай тафсилотларни ошкор қилмаган бўлса-да, операциянинг асосий мақсади катта эҳтимол билан Венесуэла бўлиши аниқ. АҚШ президент Николас Мадурони тахтдан ағдаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Медуза» нашри ёзди.

Қайд этилишича, АҚШ Венесуэлага нисбатан сиёсатини кескин кучайтирган октабр ойидаёқ Мадуро Россиядан ёрдам сўраган. Ноябр ойи бошида эса у Венесуэла Россия билан ҳар қачонгидан ҳам яқин эканлигини айтди.

Бироқ The Atlantic нашрининг ёзишича, Венесуэла атрофидаги кескинлашиб бораётган вазиятга Москванинг муносабати хотиржам, ҳатто совуқ. На Россия президенти Владимир Путин, на бошқа юқори мартабали Россия амалдорлари сўнгги бир неча ой ичида — вазият кескинлашганидан бери — АҚШ билан тўғридан-тўғри тўқнашув юз берганда Россиянинг Венесуэлага ёрдам беришга тайёрлигини билдирмади.

11 ноябр куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россиянинг бир неча оммавий ахборот воситалари билан суҳбатда Венесуэланинг ҳарбий ёрдам сўраб мурожаат қилмаганини ва икки томонлама келишувлар доирасида Москванинг Венесуэлани ташқи тажовуздан ҳимоя қилиш мажбурияти йўқлигини маълум қилди.

Мадуро Россиянинг бошқа иттифоқчилари — Арманистон, Сурия ва Эрон аввалроқ дуч келган муаммога рўбарў бўлганга ўхшайди. The Atlantic нашрининг таъкидлашича, уларнинг барчаси яқинда Россиядан ҳарбий ёрдам сўраган, бироқ Украина билан уруш туфайли бундай ёрдам кўрсатиш имконияти йўқлигини англаган: қўшин ҳолдан тойган, ресурслар чекланган ва энг муҳими, «Украина уруши» шунчалик устувор аҳамиятга эгаки, Россия бунинг учун ҳар қандай нарсадан воз кечишга тайёр.

Венесуэла 2006 йилдан бери Россия қуролларини сотиб олади. Ўша пайтдаги президент Уго Чавес бу қуролларни Америка таҳдиди олдида Венесуэла суверенитетининг кафолати деб атаган.

Американинг бир неча маъмурияти — Барак Обамадан Доналд Трампгача — Чавесни, кейинчалик эса Мадурони минтақавий барқарорликка таҳдид сифатида баҳолаган. 2025 йил сентабрида АҚШ ўртадаги вазиятни кескинлаштирди: Венесуэла кемаларини гиёҳванд моддалар ташияпти деган сабаб билан уларга зарба бера бошлади ва Венесуэла қирғоқлари яқинида кемалар гуруҳини тўплади. Бунга жавобан Мадуро армия ва захирадагиларни оммавий сафарбар қилишга буйруқ берди.

The Atlantic нашрининг ёзишича, агар Путин Венесуэлага жиддий равишда ёрдам бермоқчи бўлса ҳам, унда имкониятлар жуда кам. Чунки Трамп узоқдан зарба беришни маъқул кўради — Америка кучлари Яман ва Эронда айнан шундай жанг олиб борган. Россия Венесуэлани бундай ҳужумлардан ҳимоя қиладиган қуроллар билан ҳозирда таъминламаяпти ва эҳтимол таъминламайди ҳам.

Агар АҚШ кемалари Венесуэла қирғоқларига яқинлашса ёки қўшин ҳаракатга келтирилса, Россия Венесуэлага ўзи Украинага қарши ишлатаётган («Геран») арзон ҳужумкор дронларни етказиб бериши мумкин. Россия радиоэлектрон кураш воситаларини ҳам етказиб бериши эҳтимолдан холи эмас, булар GPS ва радиоалоқани ишдан чиқариб, Америка авиацияси ҳаракатларини қийинлаштиради.

АҚШ учун энг хавфли сценарий — қуруқликдаги операциядир. Бундай ҳолатда Россия Венесуэлага оғир қуроллар етказиб бериш орқали америкаликларни узоқ ва қонли урушга тортади. Бироқ айнан шундай қуроллар ҳозир Украина билан урушда Россиянинг ўзига жуда зарур.

The Atlantic нашрининг таъкидлашича, ҳозирда Кремлнинг аҳволи Ғарбнинг Россия-Украина урушининг дастлабки босқичларидаги ҳолатини эслатади. Бир томондан, Украина ҳужумни қайтариш учун замонавий қуролларга муҳтож, бошқа томондан эса, агар украина мағлуб бўлса, бу қуроллар русларнинг қўлига ўтиб қолиши ва Ғарб, эҳтимол, техник устунликдан маҳрум бўлиши мумкин эди.

Нашрнинг хулоса қилишича, Мадурони Сурия президенти Башар Асаднинг тақдири кутмоқда. Яъни у ҳал қилувчи паллада Россиядан ёрдам ололмайди ва нари борса, Москвадан жой беришларига умид қилиши мумкин, холос.

Теглар

Мавзуга оид

АҚШ Венесуэлага қарши ҳарбий операция тайёрлаяпти. Россия ўз иттифоқчиси — Николас Мадурога ёрдам берадими? | Vaqt.uz