
АҚШда ҳукумат инқирози чуқурлашмоқда: ҳаво ҳудуди ёпилиши мумкин
АҚШда ҳукумат фаолиятининг тўхташи авиация тизимига ҳам таъсир этди — ҳаво ҳаракати диспетчерларининг ишга чиқмаслиги туфайли мамлакат ҳаво ҳудуди ёпилиши эҳтимоли ортмоқда.

АҚШда ҳукумат инқирози чуқурлашмоқда ва бу сафар энг катта зарба авиация соҳасига тегди. Ҳукумат фаолияти тўхтагани сабабли минглаб диспетчерлар ишга чиқмаган ва мамлакат осмонида юзлаб самолётлар айланиб юрган ҳолда трафик тўлиқ назоратдан чиқмоқда, деб ёзади Туркиянинг Sondakika нашри.
АҚШ транспорт вазири ҳукумат фаолияти келаси ҳафта ҳам қайта тикланмаса, мамлакатнинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳудудини вақтинча ёпишга тўғри келиши мумкинлигини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ҳаво ҳаракати назорати учун зарур бўлган кадрлар етишмаяпти, чунки ходимларнинг катта қисми иш ҳақи олмагани учун ишга чиқишни тўхтатган.
Маълумотларга кўра, жума куни диспетчерларнинг 80 фоизи ишга келмаган, 13 мингдан зиёд ходим эса маошсиз ҳолда ишлаб турган. Бу вазият АҚШ авиация тизимида кенг миқёсли узилишларга сабаб бўлмоқда.
Инқироз сабаби — Конгрессдаги демократ ва республикачи вакиллар орасида янги молия йили учун бюджет масаласида келишувга эришилмаганидир. Натижада 1 октябрдан буён федерал ҳукумат фаолияти расман тўхтаб турибди. АҚШ қонунларига кўра, Конгресс йиллик бюджетни ўз вақтида тасдиқлай олмаса, вақтинчалик бюджет қабул қилинади. Бироқ бу сафар у ҳам тасдиқланмаган.
Ҳукумат харажатлари учун ваколатлар тўхтагани туфайли асосий бўлмаган хизматлар фаолияти тўлиқ тўхтатилди. Армия, разведка, жамоат касалхоналари ва аэропортлардаги ходимлар ишни давом эттирмоқда, аммо уларнинг иш ҳақлари янги бюджет қабул қилинмагунча тўланмайди.
Ҳозирги ҳолат АҚШдаги энг катта давлат бошқарув инқирозларидан бири сифатида баҳоланмоқда. Экспертлар таъкидлашича, агар ҳукумат фаолияти яқин кунларда тикланмаса, мамлакат транспорт тизимида катта узилишлар ва иқтисодий оқибатлар юз бериши мумкин.





