АҚШда қулай ҳаёт кечириш учун қанча маблағ керак?
Ню Йорк ва Сан Хосе каби шаҳарларда қулай ҳаёт кешириш учун йиллик даромад 150 минг доллардан ошиши керак.
© Wikimedia CommonsАмериканинг йирик шаҳарларида қулай яшаш учун қанча даромад топиш керак? Борган сари бу саволга бериладиган жавоб – олти рақамли маош бўлмоқда. «Visual Capitalist» инфографикаси АҚШнинг 56 та шаҳрида уй-жой, озиқ-овқат, транспорт, жамғарма ва қўшимча харажатларни ҳисобга олган ҳолда, қулай турмуш тарзи учун зарур бўлган даромад миқдорини кўрсатади.
Энг қиммат шаҳарлар
Ню Йорк рўйхатда 158,954 доллар кўрсаткичи билан етакчилик қилмоқда ва 158,080 доллар талаб этиладиган Сан-Хосе ни бироз ортда қолдирмоқда. Калифорния штатида умумий харажатлари юқори бўлган шаҳарлар жуда кўп: Ирвайн, Сан-Диего, Сан-Франциско, Окленд, Лос-Анжелес ва Сакраменто юқори поғоналарни эгаллаган.

Умуман олганда, рейтингнинг юқори қисми харажатлар асосан бир нечта йирик мегаполисларда, хусусан, Калифорния ва мамлакатнинг шимоли-шарқий қисмида тўпланганини кўрсатади. Шунингдек, Бостон, Гонолулу, Сиэтл ва Жерси-Сити шаҳарлари ҳам ажралиб турибди. Бу эса юқори маош чегаралари фақат бир нечта соҳилбўйи марказлари билан чекланиб қолмаганидан далолат беради.
Олти рақамли маошлар меъёрга айланмоқда
Маълумотлардаги асосий ўзгариш шундан иборатки, олти рақамли даромадга бўлган талаб энг қиммат шаҳарлар чегарасидан ташқарига жуда тез суръатларда тарқалди.
Юқори яшаш харажатлари бўйича анъанавий етакчилардан ташқари, эндиликда Денвер, Атланта, Нашвилл, Шарлотт ва Бойсе каби шаҳарларда ҳам қулай ҳаёт кечириш учун тахминан 100 минг доллар ёки ундан кўпроқ маблағ талаб этилади. Ушбу силжиш шуни кўрсатадики, юқори яшаш нархлари эндиликда фақат мамлакатнинг энг қиммат соҳилбўйи бозорлари билан чекланиб қолмаяпти.
Харажатлари нисбатан пастроқ бўлган шаҳарлар
Рейтингнинг қуйи қисмида ҳам қулай ҳаёт учун зарур бўлган маош миқдори ҳали ҳамон сезиларли даражада юқорилигича қолмоқда:
Сан-Антонио — энг паст чегарага эга шаҳар: 83,069 доллар;
Мемфис — 86,444 доллар;
Талса — 87,690 доллар.
Ҳатто харитадаги энг ҳамёнбоп шаҳарларда ҳам қулай турмуш тарзи учун зарур бўлган даромад кўплаб хонадонлар топадиган маблағдан анча юқоридир. Бу эса ҳатто энг «арзон» деб ҳисобланган йирик шаҳарлар ҳам ҳозирда илгари жуда юқори деб ҳисобланган даромад даражасини талаб қилаётганини таъкидлайди.





