АҚШдан Ўзбекистонга келувчилар сони 39 фоизга ошган
Январ ойида 1 642 нафар АҚШ фуқароси Ўзбекистонга ташриф буюрган.

2026 йил январь ойида Ўзбекистонга АҚШдан келган туристлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 39,4 фоизга кўпайди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, бир ой давомида 1 642 нафар АҚШ фуқароси мамлакатга туристик мақсадларда кириб келган.
Сафар мақсадлари таҳлилига кўра, ташриф буюрганларнинг асосий қисми — 1 120 нафар — саёҳат мақсадида келган.
Шунингдек, 269 нафар хизмат юзасидан, 112 нафар ўқиш учун, 133 нафар қариндошларни йўқлаш мақсадида, 6 нафар тижорат ишлари бўйича ва 2 нафар даволаниш учун ташриф қайд этилган.
Шу билан бирга, 2026 йил бошида 964 нафар Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадларда АҚШга сафар қилган. Улар орасида 796 нафар саёҳат учун, 135 нафар қариндошларни йўқлаш мақсадида, 25 нафар ўқиш учун, 6 нафар хизмат юзасидан ва 2 нафар даволаниш учун борган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Ўзбекистоннинг иккита компаниясига виза беришни чеклаганлиги ҳақида хабар берган эдик. Чекловлар АҚШга ноқонуний миграцияни ташкил этишда кўмаклашган икки виза хизматлари компаниясининг раҳбарлари ва юқори лавозимдаги ходимларига нисбатан қўлланилган.





