
АҚШнинг Эронни «тиз чўктиришга» қаратилган талаблари маълум қилинди
Агар Эрон бу тўрт шартни қабул қилса, у нафақат ядровий дастуридан, балки ўзининг сўнгги 40 йиллик геосиёсий стратегиясидан воз кечган бўлади.

АҚШ маъмурияти Эрон билан боғлиқ вазиятни дипломатик йўл билан ҳал қилишдан умидвор, деб баёнот берди президентнинг махсус вакили Стив Уиткофф. У келишув имзоланиши учун тўртта шартни санаб ўтди.
Уиткоффнинг фикрича, Эрон иқтисодиёти «ўта оғир аҳволда» бўлгани сабаб, у муросага келиши керак.
АҚШ махсус вакилининг сўзларига кўра, вазиятни тартибга солиш учун Теҳрон ва Вашингтон қуйидаги муаммоларни ҳал қилиши лозим:
Ислом республикасида уранни бойитиш меъёрларини белгилаш;
Эроннинг ракета арсеналини қисқартириш;
Шу пайтгача бойитилган ураннинг қўлланилиш мақсадини аниқлаш;
Эроннинг прокси-гуруҳлари билан боғлиқ вазиятни ҳал қилиш.
Стив Уиткоффнинг маълумотига кўра, Эронда 3,67-60 фоизгача бойитилган икки тонна уран мавжуд.
«Биз ушбу тўртта муаммони дипломатик йўл билан ҳал қила оламиз ва бу ажойиб ечим бўлади. Муқобил вариант эса — ёмон», — деди Уиткофф Флоридадаги Исроил-Америка кенгаши конференциясида.
Декабр ойи охиридан бери Эронда миллий валютанинг қадрсизланиши ва нархларнинг кескин кўтарилиши сабабли намойишлар давом этмоқда. Доналд Трамп бир неча бор агар Ислом республикаси расмийлари намойишчиларни ўлдирадиган бўлса, АҚШ вазиятга аралашишини таъкидлаган эди. Кейинроқ у Эронда қотилликлар тўхтаганини эълон қилди, бироқ Вашингтон ҳарбий сценарийдан воз кечган-кечмаганига аниқлик киритмади.





