
Араб жамғармаси Ўзбекистон футбол клубларини сотиб олмоқчи
«No Limits Sport» жамғармаси Россия жамоаларини ҳамда Беларус ва Қозоғистон клубларини ҳам сотиб олишга қизиқиш билдирмоқда.

Араб капиталига эга «No Limits Sport» инвестиция жамғармаси Ўзбекистондаги футбол клубларини сотиб олиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда жамғарманинг Евросиё бўлими раҳбари Вадим Андреев Россиянинг ТАСС ахборот агентлигига берган интервюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, жамғарма нафақат Ўзбекистон, балки Беларусь, Грузия ва Қозоғистондаги футбол клубларини ҳам инвестиция нуқтайи назаридан таҳлил қилишни режалаштирмоқда. Шунингдек, Россия футбол бозори ҳам жамғарма эътибор марказида қолмоқда. Айни пайтдаги режага асосан, яқин келажакда 10–12 та клуб чуқур таҳлил қилиниб, инвесторлар учун энг истиқболли активлар аниқланади.
«Биз активлар қийматининг ўсиши ва инвестициядан олинадиган даромад нуқтаи назаридан энг мақбул вариантларни белгилаш учун батафсил ҳисобот тайёрлашни режалаштиряпмиз», — деди Андреев. Ушбу ҳисобот асосида жамғарманинг кейинги сармоя йўналишлари белгиланиши кутилмоқда.
Маълум қилинишича, жамғарма аллақачон Россия Биринчи лигасида иштирок этаётган «Ротор» футбол клубини сотиб олишга қизиқиш билдирган. 5 январ ҳолатига кўра, жамоа чемпионат жадвалида еттинчи ўринни эгаллаб турибди. Клуб жорий мавсумда 24 та гол урган ва 17 та гол ўтказиб юборган. «Ротор» сўнгги марта Россия Премер-лигасида 2020–2021 йиллар мавсумида иштирок этган.
Шу билан бирга, араб инвесторлари Россияда яна икки футбол клубини сотиб олиш масаласини ҳам кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берилган. Бу ҳолат минтақа футбол бозорига хорижий капитал қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади.
Маълумот учун, «No Limits Sport» жамғармаси МДҲ мамлакатларида спорт индустриясини молиялаштиришга ихтисослашган инвестиция фонди ҳисобланади. Айрим маълумотларга кўра, жамғарма ўз фаолиятини «Belhasa Sports» компанияси билан ҳамкорликда амалга оширмоқда.





