Armani компанияси асосчиси Жоржо Армани вафот этди

05.09.2025 | 13:153 дақиқа

У 91 ёшида вафот этди. Сўнгги пайтларда «Италия мода қироли»нинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақида маълумотлар тарқалганди.

Armani компанияси асосчиси Жоржо Армани вафот этди
Италиялик машҳур моделер Жоржо Армани оламдан ўтди. Бу ҳақда La Repubblica газетаси хабар берди. 11 июл куни у 91 ёшга тўлган эди. Сўнгги пайтларда «Италия мода қироли»нинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақида маълумотлар тарқалганди. Унинг 1975 йилда асос солинган Armani мода уйи йирик холдингларга қўшилмаган кам сонли компаниялардан бири бўлиб қолган эди. Компания вакиллари маълум қилишича, моделер билан видолашув маросими 6 ва 7 сентябр кунлари Миланда бўлиб ўтади. Corriere della Sera газетаси аниқлик киритишича, дафн маросими моделернинг ўз истаги бўйича тор доирада ўтказилади. У 1975 йилда ўзининг дўсти Сержо Галлеотти билан биргаликда Armani компаниясига асос солган. Компания кўплаб мукофот ва совринларга сазовор бўлган. Улар орасида 1979 йилдаги «Neiman Marcus Fashion Award», Америка Модельерлар Кенгашининг халқаро дизайнерлик ва эркаклар кийимлари соҳасидаги мукофотлари, GQ журнали томонидан «Йил дизайнери» унвони, 2003 йилдаги «Walk of Style» мукофоти кабилар бор. Armani компанияси йиллик айланмаси 2,5–2,7 миллиард долларни ташкил этиб, дунё бўйлаб тахминан 3 мингта дўконга эга. Georgio Armani SpA компанияси эса Миланда жойлашган бўлиб, 2024 йилда 2,3 миллиард евро даромад олган. Бу даромад асосан AJ Armani Jeans ва Emporio Armani брендлари орқали келиб тушган.

Теглар

Мавзуга оид