Logo

Арманистон КХШТдан чиқиши мумкин

Бугун 19:552 дақиқа

Ушбу баёнотлар 7 июн куни Арманистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловлари ҳамда Москва ва Ереван муносабатларининг кескинлашуви фонида янграмоқда.

Арманистон КХШТдан чиқиши мумкин

Арманистон агар зарур деб ҳисобласа, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан (КХШТ) чиқади. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Никол Пашинян маълум қилди.

КХШТга аъзоликни сақлаб қолиш истиқболлари «Кучли Арманистон» блоки вакили Нарек Карапетян билан бўлиб ўтган сайловолди дебатлари чоғида муҳокама қилинди.

Карапетян Арманистон КХШТдаги иштирокини тўхтатгани ва бадалларни тўламаётганини эслатиб, ташкилотдан чиқишдан аввал Озарбойжон билан муносабатларда хавфсизлик кафилини топиш кераклигини таъкидлади.

Бунга жавобан Пашинян қарорни хорижий агентлар эмас, ўзлари қабул қилишини, давлат ва армиянинг ўзи кафил эканлигини билдирди. Шунингдек, у Александр Лукашенконинг яна Арманистонга кафил бўлишига йўл қўймаслигини таъкидлади.

Маълумот учун, Тоғли Қорабоғ Озарбайжон назоратига ўтганидан сўнг, Арманистон 2024 йилда ОДКБга аъзоликни музлатиб қўйган эди. 2026 йилнинг апрель ойида эса парламент спикери Ален Симонян агар Россия газ нархини оширса, Арманистон ОДКБ ва Евросиё иқтисодий иттифоқидан (ЕОИИ) чиқишини айтган.

Москва билан муносабатларнинг ёмонлашуви

Ушбу баёнотлар 7 июн куни Арманистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловлари ҳамда Москва ва Ереван муносабатларининг кескинлашуви фонида янграмоқда. Россия Никол Пашинянни Ғарб давлатлари ва Европа Иттифоқи билан яқинлашишда айбламоқда.

Сўнгги ҳафталарда Россия ҳукумати Арманистондан бир қатор товарлар, жумладан, гуллар, «Джермук» минерал суви, сабзавотлар, кўкатлар, шафтоли, қулупнай ва балиқ олиб киришни тақиқлади.

Бунга жавобан Пашинян зарар кўрган экспортчиларга субсидиялар ажратишни ваъда қилди. Европа Иттифоқи эса Россиянинг иқтисодий босимига қарши туриш учун Арманистонга 50 миллион евро миқдорида ёрдам ажратишини эълон қилди.

Теглар

Мавзуга оид