Logo

Арманистон Россия гази қимматлашса, Туркманистондан сотиб олади

Бугун 18:152 дақиқа

Ереван Россия гази нархи ошган тақдирда Туркманистон, Озарбайжон ва Эрондан газ харид қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Арманистон Россия гази қимматлашса, Туркманистондан сотиб олади

Арманистон Россиядан импорт қилинадиган табиий газ нархи ошиши эҳтимолига қарши муқобил таъминот манбаларини ўрганмоқда. Бу ҳақда Арманистон Давлат хизматларини тартибга солиш комиссияси раиси Месроп Месропян маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, мамлакат учун минтақада бир нечта алтернатив вариантлар мавжуд. Хусусан, Озарбайжон, Туркманистон ва Эрон газ етказиб бериши мумкин бўлган давлатлар сифатида қаралмоқда.

«Инфратузилмаси бизга ушбу давлатлардан газ сотиб олиш имконини берадиган барча мамлакатлардан табиийки газ харид қилишимиз мумкин», — деди Месропян.

Шу билан бирга, у Россия гази нархи ошган тақдирда ҳам аҳоли учун амалдаги газ тарифлари 2027 йил бошигача ўзгармаслигини таъкидлади.

Энергия бозори хавотири

Месропяннинг қайд этишича, Арманистонда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг тахминан 30–35 фоизи иссиқлик электр станцияларига тўғри келади.

Шу сабабли табиий газ нархининг сезиларли даражада қимматлаши электр энергияси тарифларига ҳам босим ўтказиши мумкин. Бу эса мамлакатнинг энергетика харажатлари ва инфляция кўрсаткичларига таъсир қилиши эҳтимолини оширади.

Мутахассислар фикрича, газ таъминоти манбаларини диверсификация қилиш Арманистоннинг энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин.

Москва билан шартнома

Арманистон бош вазири Никол Пашинян эса Россия гази нархи ошишини эҳтимоли паст деб баҳолади.

Унинг 11 июн куни ўтказилган брифингда айтишича, Ереван ва Москва ўртасида узоқ муддатли шартнома амал қилмоқда. Пашинян бир томоннинг шартнома шартларидан воз кечиши «келишувга зид ҳаракат» бўлишини таъкидлади.

Шу билан бирга, Арманистон ҳукумати эҳтимолий нарх ўзгаришлари юз берган тақдирда барча сценарийларни кўриб чиқишда давом этаётганини билдирди.

Теглар

Мавзуга оид