Арзон СИ даври тугаб бормоқда: нейротармоқлар нархи кескин ошиши мумкин

Сунъий интеллект эҳтимол ҳеч қачон ҳозирги каби арзон бўлмайди. Компаниялар мижозларни паст нархлар билан жалб қилмоқда ва бу нархлар узоққа бормайди – бу «Amazon» ва «Uber»нинг ўйин қоидаларидан олинган усул.

Арзон СИ даври тугаб бормоқда: нейротармоқлар нархи кескин ошиши мумкин

Ҳозирги пайтда технологик компаниялар сунъий интеллект моделларидан фойдаланиш нархини сунъий равишда паст сақламоқда. Бу венчур капитали ҳисобига амалга оширилмоқда – мақсад бозорни эгаллаш ва фойдаланувчиларда бу хизматларга қарамликни шакллантириш. Бироқ биржага чиқиш арафасида ишлаб чиқувчилар фойдага чиқиш учун тарифларни кескин оширишга мажбур бўлади. Бу ҳақда «Axios» нашри хабар берди.

Ҳақиқий фойда ўрнига венчур субсидиялари

Кескин рақобат сунъий интеллект лабораторияларини демпинг сиёсати юритишга мажбур қилмоқда, бу эса рентабелликнинг пасайишига олиб келади.

«Crunchbase» таҳлилий платформаси маълумотларига кўра, феврал ойида барча венчур инвестицияларининг 90 фоизи СИ стартапларига тўғри келган. Шу маблағларнинг 74 фоизи эса атиги икки компания – «OpenAI» ва «Anthropic» ҳиссасига тўғри келган.

Бундан ташқари, ишлаб чиқувчилар стратегик шерикликлар туфайли ҳисоблаш қувватини арзонроқ нархларда олишмоқда. Уолл-стритда бу ҳолат «циклик молиялаштириш» деб аталади. Масалан, «Microsoft» корпорацияси OpenAIга ўз серверларини бозор нархидан арзонроқ тақдим этади.

«Writer» стартапи бош директори Мэй Ҳабиб нашрга берган изоҳида бу ўзгаришларнинг муқаррарлигини шундай тушунтирган:

«Йирик тил моделларини ишлаб чиқувчи бу компаниялар очиқ акциялар бозорига чиқади ва улар нархларни оширишга мажбур бўлади, чунки уларда бошқа йўл қолмайди».

Технологик тараққиёт фонида миллиардлаб зарарлар

«OpenAI», «Google» ва «Anthropic» компанияларининг янги моделлари умуман олганда тезроқ ва арзонроқ бўлиб бораётганига қарамай, корпорацияларнинг молиявий ҳисоб-китоблари ҳали ҳам мураккаблигича қолмоқда.

Илгари саноат асосан нейротармоқларни ўқитиш учун чипларга эътибор қаратган бўлса, ҳозир «Nvidia» ва унинг рақобатчилари инференс, яъни моделларга фойдаланувчилар сўровларига жавоб бериш имконини берадиган ҳисоблаш жараёнига кўпроқ эътибор қаратмоқда. Келаси ҳафта ишлаб чиқувчилар конференциясида «Nvidia» янада самарали янги чипни тақдим этиши кутилмоқда.

Инференс самарадорлигининг кескин ошиши туфайли токенларнинг умумий қиймати (яъни матн генерацияси учун харажатлар) камайди. Аммо СИ лабораторияларининг маржаси ҳали ҳам манфий бўлиб қолмоқда. Буни «PitchBook» компанияси маълумотлари тасдиқлайди.

Прогнозларга кўра, 2026-йилда «OpenAI» тахминан 14 миллиард доллар зарар кўради, бу 2025-йилги кўрсаткичлардан (8–9 миллиард доллар зарар) анча ёмон натижа ҳисобланади.

Шу билан бирга, Anthropic компаниясининг маржаси 2024 йилдаги минус 94 фоиздан 2025-йилда тахминан плюс 40 фоизгача яхшиланган. Бироқ компания ҳали ҳам кутилганидан юқори бўлган инференс харажатлари сабаб молиявий босим остида қолмоқда.

Истеъмолчилар корпоратив сегмент маржасини «олиб қўймоқда»

Нархлар пасайиши билан сунъий интеллектдан фойдаланиш кескин ўсмоқда, шу билан бирга, компанияларнинг бу технологияларга умумий харажатлари ҳам ортиб бормоқда. Бу ҳақда бизнес харажатларини кузатувчи «Ramp» платформаси маълумотлари кўрсатмоқда.

Бироқ фойдаланувчи ҳар сафар мураккаб сўров юборганда, СИ лабораторияси амалда бу операциядан зарар кўради. Бепул аккаунтларда токенлардан фойдаланиш лимити мавжуд бўлиб, у стандарт истеъмолчи обунасига ўтилганда кенгайади. Аммо айнан шу арзон асосий обуналар ҳозирда венчур капитали ҳисобидан энг кўп субсидия қилинаётган хизматлар ҳисобланади.

«Ramp» статистикасига кўра, феврал ойида «OpenAI» чат-ботлари учун корпоратив харажатларнинг 28 фоизи ходимларнинг шахсий истеъмолчи тарифларига тўғри келган. Яъни бу маблағлар ишлаб чиқувчиларга юқорироқ маржа келтириши мумкин бўлган қимматроқ корпоратив пакетларга эмас, балки оддий фойдаланувчи обуналарига сарфланган.

Шу билан бирга, платформа маълумотлари ҳозирда «Anthropic» компанияси СИ воситалари бўйича корпоратив харажатларнинг катта қисмини жамлаб бораётганини кўрсатмоқда.

Тарихий параллеллар ва IPO муқаррарлиги

Кремний водийси инвесторлари бундай босқични аввал ҳам бошдан кечирган. Бир пайтлар венчур маблағлари «миллениаллар турмуш тарзини субсидиялаш» деб аталган ҳолатни молиялаштирган, яъни «Uber» орқали саёҳатлар ва «DoorDash» орқали етказиб бериш хизматлари нархлари сунъий равишда арзонлаштирилган.

Бундан олдин «Amazon» компанияси ҳам йиллар давомида паст нархлар, бепул етказиб бериш ва АҚШнинг кўплаб штатларида савдо солиғининг йўқлиги орқали мижозлар базасини кенгайтирган. Охир-оқибат бу корпорацияларнинг барчаси ўз харажатларини қоплайдиган ва фойда келтирадиган тарифларни жорий этишга мажбур бўлган.

Мутахассислар фикрича, сунъий интеллектни ҳозирги субсидиялаш босқичи ҳам охир-оқибат тугайди. Кутилмоқдаки, «OpenAI» ҳам, «Anthropic» ҳам бирламчи оммавий акция жойлаштириш (IPO) ўтказади.

Оммавий инвесторлар компания раҳбариятидан фойда ўсиши ва маржа ошишини қатъий талаб қилади. Чиплар самарадорлиги ошиб бораётганига қарамай, лабораторияларнинг умумий харажатлари тўхтовсиз ўсмоқда. Чунки уларга янги дата-марказлар қуриш ва ортиб бораётган талабни қондириш учун доимий модернизация керак.

Шунинг учун матн генерациясининг асосий таннархи камайиши мумкин бўлса ҳам, компаниялар тижорат жиҳатдан муваффақиятли бўлиши ва миллиардлаб сармояларни қоплаши учун мижозлар тўлайдиган умумий харажатлар муқаррар равишда ошиши керак.

Теглар

Мавзуга оид