«Aselsan» 1 трлн чегарасидан ўтди: Туркия мудофаа экспорти 10 млрд долларга етди

19.02.2026 | 19:005 дақиқа

Узоқ йиллар давомида жаҳон мудофаа бозорида Ғарб компаниялари устунлик қилган бўлса, энди янги ўйинчи кучаймоқда. Туркиянинг етакчи ҳарбий электроника ишлаб чиқарувчиси «Aselsan» илмий-тадқиқот босқичидан оммавий ва юқори маржали ишлаб чиқариш босқичига ўтмоқда. Бу эса инвесторлар диққатини янада кучайтирди.

«Aselsan» 1 трлн чегарасидан ўтди: Туркия мудофаа экспорти 10 млрд долларга етди

Туркиянинг мудофаа ва авиация саноати экспорти, жумладан маҳсулотлар ва сервис хизматлари 2025 йилда 10 млрд доллардан ошди. Бу рекорд кўрсаткич бўлди. Бир йил ичида у 48 фоизга ўсган. «Bloomberg»нинг ёзишича, Туркия мудофаа саноати ҳозир жадал ўсиш босқичини бошдан кечирмоқда.

Мамлакатнинг «ATLAS Capital» инвестициялар бўйича директори, CFA мутахассиси Аскар Аҳмедовнинг «Oninvest» нашрида эълон қилинган мақоласида келтирилишича, Туркиянинг энг йирик ҳарбий электроника ишлаб чиқарувчиси бўлган «Aselsan Elektronik Sanayi» Европа ва НАТО мамлакатларида шартномалар учун курашмоқда. Компания акциялари бир йил давомида 264 фоизга қимматлашди, шу билан бирга, Туркия бозорининг асосий индекси «BIST 100» тахминан 45 фоизга ўсган.

Модулли суверенитет ва «рақамли миялар»: «Aselsan» бозорга нима таклиф қилмоқда?

2025 йил 2 октябрда «Aselsan» бозор капитализацияси 1 триллион турк лираси (тахминан 30 млрд доллар)дан ошган илк турк компаниясига айланди. Компания оддий минтақавий электроника етказиб берувчидан глобал даражадаги биринчи тоифали (Tier-1) мудофаа технологиялари тизим интеграторига айланиш йўлини босиб ўтган. Бу дегани, у энди фақат алоҳида деталлар ишлаб чиқармайди, балки бутун техникани бошқарувчи мураккаб тизимларни «тайёр ҳолда» яратади. Бу ўзгаришлар «Aselsan» 2024 йилда ишга туширган «aselsaneXt» ривожланиш дастури доирасида амалга оширилди.

«Ўзгаришлар кўламини тушуниш учун фақат приборлар панели учун тугмалар ишлаб чиқарадиган завод билан замонавий самолёт учун бутун автопилот ва бошқарув тизимини яратадиган компания ўртасидаги фарқни тасаввур қилинг», – дейди Аскар Аҳмедов.

«Aselsan» мураккаб техника учун тўлиқ «рақамли мия»ни лойиҳалаштиради. Авиация соҳасида бу самолётга учувчи буйруқларига янада аниқ жавоб қайтариш имконини беради. Бу худди компютер энг мураккаб вазифаларни бажараётганда ҳам ҳеч қачон «секинлашмаслиги»га ўхшайди. Денгиз флоти ва қуруқлик қўшинларида эса компания тизимлари турли хил техникаларга бир зумда «мулоқот қилиш» ва ягона механизм сифатида ишлаш имконини беради, бу эса хавфсизлик ва ишончлиликни оширади.

«Менимча, бундай технологик сакраш туфайли компанияни «Boeing» ёки «Lockheed Martin» каби жаҳон гигантлари билан бир қаторга қўйиш муболаға бўлмайди», – дейди Аҳмедов.

Бундан ташқари, «Aselsan» ҳимоя технологиялари жаҳон бозорини ҳам ўзгартирмоқда. Мудофаа технологиялари соҳасида узоқ йиллар давомида «Raytheon» ёки «Thales» каби _арб гигантлари ҳукмронлик қилиб келган. Аммо ҳозир саҳнага бошқа қоидаларга қарам бўлишни истамайдиган янги ўйинчилар чиқмоқда.

«Илгари мураккаб техникани сотиб олиш худди очиш тақиқланган смартфон харид қилишга ўхшар эди: сиз ундан фойдаланасиз, аммо унинг «мияси»га кириш имконига эга эмассиз ва уни мустақил таъмирлай олмайсиз. «Aselsan» бу ёндашувни ўзгартирди. У «модулли суверенитет»ни таклиф қилади, яъни харидор дастурий кодга кириш ҳуқуқини олади ва айрим деталларни ўз мамлакатида ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади», – дейди мутахассис.

Бундай очиқлик туфайли «Aselsan» Осиё ва Яқин Шарқ бозорларида Европа компанияларини сиқиб чиқармоқда. Компания бош директори Аҳмет Оқйўл феврал ойида «Bloomberg»га берган интервюсида жорий йилда компания камида бешта янги мамлакатда ўз иштирокини кенгайтиришни режалаштираётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ўтган йили хорижий савдолар 89  фоизга ўсиб, 958 млн долларга етган, янги экспорт шартномалари ҳажми эса икки баробардан кўпроқ ошиб, 2,69 млрд долларни ташкил этган. Компания 2025 йил якунлари бўйича ҳисоботни феврал охирида тақдим этади.

Замонавий мудофаа саноати бу фақат танклар ва самолётлар эмас, балки аввало технологиялар ва сунъий интеллект курашидир. «Aselsan» галлий нитриди (GaN) асосида ўз микрочипларини ишлаб чиқаради. Уларнинг устунлигини тушуниш учун эски қиздирма лампа билан замонавий LED лампани таққослаш мумкин. GaN чиплари эски кремний технологияларига нисбатан 50–65 фоиз камроқ энергия сарфлайди. Натижада бундай чиплар ўрнатилган радарлар анча узоқ ва аниқ «кўра» олади.

Буларнинг барчасини «Пўлат гумбаз» (Steel Dome) тизими бошқаради. Бу сунъий интеллект асосидаги ўзига хос «ақлли менежер»дир. Агар таҳдид юзага келса, тизим уни қандай бартараф этишни мустақил ҳал қилади ва буни 1,5 сониядан кам вақт ичида амалга оширади.

Янги босқич

Ҳозирги кунда «Aselsan» компанияси қиммат тадқиқот ва ишланмалар босқичидан, яъни илмий изланишлар ва прототиплар яратишга катта маблағлар сарфланган даврдан, оммавий ва юқори даромадли ишлаб чиқариш босқичига ўтмоқда. Бу ўзгаришларнинг асосий воситаси сифатида қиймати 1,5 млрд доллар бўлган янги «Oğulbey» ишлаб чиқариш мажмуаси хизмат қилмоқда. Компания уни 2025 йил август ойида расман очди.

Агар илгари компания асосан сарф-харажат қилган бўлса, энди у яратган маҳсулотларини фаол сотишни бошлайди. Компанияга сармоя киритганлар (акционерлар) учун бу жуда ижобий сигнал: катта харажатлар даври якунланмоқда ва ўн йиллик инвестициялар ўзини оқлай бошлайди.

Инвесторлар компания ҳақида нима деб ўйламоқда?

Ҳозир бозорда кўплаб инвесторлар кутиш позициясини эгаллаган. Бунинг сабаби компания акциялари жуда қиммат кўринаётгани: уларнинг нархи сўнгги 12 ойлик фойдага нисбатан 70 баравардан ортиқ (P/E коэффициенти бўйича).

Гарчи акциялар ҳозир ортиқча баҳолангандай туюлса-да, норасмий прогнозлар (whisper numbers) бозор компания тўплаган буюртмалар қанчалик тез ҳақиқий соф фойдага айланишини тўлиқ англамаяпти, деган фикрни илгари сурмоқда. Компания давлат технологиялари (Sovereign Tech) соҳасида йирик халқаро шартномаларга эга, жумладан 2025 йил охирида Полша билан 410 млн долларлик битим имзолаган.

Натижада, бугунги кунда акциялар қиммат кўринса ҳам, «Aselsan» бир неча йил олдиндан тўланган улкан буюртмалар захирасига эга. Бу эса унинг бозордаги позициясини бир қарашда кўринганидан анча мустаҳкам қилади. Ўтган йилнинг тўққиз ойи давомида компанияда тахминан 18 млрд долларлик буюртмалар портфели шаклланган.

Унинг муваффақият сири оддий: компания энг замонавий бешинчи авлод технологияларини таклиф этади. «Aselsan» ишлаб чиқаришнинг барча босқичини мустақил назорат қилади кичик яримўтказгич чиплардан («техника мияси») тортиб сунъий интеллект асосидаги мураккаб дастурларгача. Бундай мустақиллик санкциялар ёки етказиб берувчилардаги кечикишлар туфайли ишлаб чиқариш тўхтаб қолмаслигини кафолатлайди.

Кутилишича, яқин икки йил ичида компания акциялари 40 фоиздан ортиқ ўсиши мумкин. Гарчи ҳозир улар арзон бўлмаса-да, компанияда кейинги ўсиш учун кучли «двигателлар» мавжуд. 2026 йил ўрталарида «Oğulbey» мажмуаси маҳсулот чиқара бошлайди. Тайёр маҳсулот етказиб беришнинг энг юқори чўққиси 2027 йилга тўғри келиши кутилмоқда.

Бироқ инвестор эътибор қаратиши лозим бўлган икки жиҳат бор.

Биринчиси мураккаб бухгалтерия ҳисоб-китоблари. Туркиядаги юқори инфляция сабабли молиявий ҳисоботлар тушунарсиз кўриниши мумкин. Оддий кузатувчига ишлар яхши эмасдек туюлиши мумкин, аслида эса компаниянинг нақд пул тушумлари ошиб бормоқда.

Иккинчидан, компанияга ҳозир ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш учун катта миқдорда нақд пул керак. Агар 2026 йилда янги цехларни ишга тушириш ҳатто бир-икки ойга кечикса ҳам, кутилаётган фойда ортга сурилиши мумкин.

Шунингдек, сиёсий омил ҳам бор: «Aselsan» ҳарбий техника ишлаб чиқаради, шунинг учун мамлакатлар ўртасидаги муносабатларга боғлиқ. Бироқ компания асосий деталларни ўзи ишлаб чиқаришни йўлга қўйгани сабабли, у хорижий етказиб берувчиларга жуда қарам эмас.

 

 

 

Теглар

Мавзуга оид