add

Асилбек Худоёров: «Поликлиника va шифохоналарда 12,6 минг шифокор етишмайди»

Бугун 12:351682 дақиқа

Профилактика кучайганига қарамай, соғлиқни сақлаш тизимида кадрлар танқислиги асосий муаммо бўлиб қолмоқда.

Асилбек Худоёров: «Поликлиника va шифохоналарда 12,6 минг шифокор етишмайди»

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 23 декабрдаги мажлисида соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ижроси юзасидан ҳисобот берди. Унинг таъкидлашича, профилактик кўриклар кенгайиши va тез тиббий ёрдам тизимининг янгиланиши стационар муассасаларга тушаётган юкламани сезиларли даражада камайтирган.

Вазирнинг айтишича, ҳозирги кунда поликлиника ва шифохоналарда мавжуд 112 минг шифокорлик штатига нисбатан 12,6 мингта ўрин вакант ҳисобланади. Шу билан бирга, 19 мингта штатда шифокорлар бир нечта ставкада ишлашга мажбур, бу эса ортиқча юклама ва хизмат сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Энг катта танқислик Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятида қайд этилган.

23 декабрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида Худаяров соҳа бўйича амалга оширилган ишлар ва мавжуд муаммолар ҳақида ахборот берди. Унинг таъкидлашича, 2025 йил давомида хавф гуруҳидаги 12 миллиондан ортиқ фуқаро профилактик кўрикдан ўтказилган. Жумладан, 7 миллион нафар аҳоли юрак-қон томир касалликлари ва қандли диабет, 800 мингдан зиёди сил касаллиги бўйича скринингдан ўтказилган.

«Нимага қон томир касалликлари, қандли диабет? Аҳоли орасида энг кўп тез тиббий ёрдамга, шифохонага мурожаат қиладиган ва кўп дори истеъмол қиладиган контингент — мана шу контингент ҳисобланади», деди вазир.

Асилбек Худоёровнинг сўзларига кўра, рақамлаштириш ва бемор маршрути жорий этилиши натижасида аҳолининг бирламчи тиббий бўғинга ишончи ошган. Поликлиникаларга мурожаатлар 30 фоизга кўпайган, тез тиббий ёрдам чақирувлари 20 фоизга, стационарларга ётқизишлар эса 15 фоизга камайган. Вазирга кўра, 2030 йилгача амбулатор тиббий ёрдам улушини 70–80 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Тез тиббий ёрдам хизмати ҳам сезиларли янгиланди. Вазир таъкидлашича, 2025 йилда 13 миллиондан ортиқ чақирувга хизмат кўрсатилган, 1000 та янги автомашина ҳисобидан автопарк янгиланган. Бригадалар сони 1648 тадан 2865 тага етказилгани натижасида чақирувларга етиб бориш вақти уч баробар қисқарган.

Кадрлар етишмовчилиги, айниқса, бирламчи бўғинда сезиларли. Ҳозирда 3000 та оилавий шифокор етишмайди. Тор мутахассислар орасида ревматолог, педиатр, гинеколог ва рентгенологларга эҳтиёж юқори. Вазир таъкидлаганидек, чекка ҳудудларга мутахассисларни жалб қилишда асосий омил мажбурлаш эмас, балки муносиб моддий рағбатлантириш бўлиши керак.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тиббиёт ходимларига малака тоифаси бериш тўлиқ рақамлаштирилгани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид