Logo

Асосий ставка яна ўзгартирилмади

Бугун 12:353 дақиқа

Марказий банк асосий ставкани 14 фоизда қолдирди. Инфляция пасаяётганига қарамай, ички талаб, тарифлар ва ташқи бозорлар янги босимларни юзага келтириши мумкин.

Асосий ставка яна ўзгартирилмади © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолди. Регуляторнинг қайд этишича, инфляциянинг пасайиш тенденцияси давом этаётган бўлса-да, нархлар ўсишини кучайтириши мумкин бўлган ички ва ташқи хатарлар сақланиб қолмоқда.

Август ойида Ўзбекистонда умумий инфляция 6,2 фоизгача секинлашди. Базавий инфляция эса 5,5 фоиз атрофида шаклланди.

Шунга қарамай, йиллик нарх ўсиши 5 фоиздан юқори бўлган товар ва хизматлар улушининг ортиши иқтисодиётда барқарор нарх босимлари сақланаётганини кўрсатмоқда.

Инфляцион кутилмалар ҳам пасайди

Марказий банк маълумотларига кўра, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари пасайишда давом этган. Бироқ кутилмаларнинг пасайиш суръати умумий инфляцияга қараганда секинроқ бўлмоқда.

Бу нархларни белгилаш жараёнида инфляцион инерция, яъни аввалги нарх ўсишининг кейинги даврларга таъсири ҳали ҳам мавжудлигини англатади.

Кредитлар ўсиши секинлашди

Чакана савдо, хизматлар ва инвестициялар соҳасидаги ижобий динамика ички талаб фаоллигини сақлаб қолаётганини кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, сўнгги ойларда ялпи талабнинг айрим таркибий қисмларида барқарорлашув белгилари пайдо бўлган.

Марказий банкга кўра, амалдаги қатъий пул-кредит шароитлари таъсирида иқтисодиётга ажратилаётган кредитларнинг ўсиш суръатлари босқичма-босқич мақбуллашмоқда. Ижобий реал фоиз ставкалари эса аҳолининг жамғаришга мойиллигини қўллаб-қувватламоқда.

Ташқи бозорлардаги нархлар хавфи

Жаҳон хомашё, озиқ-овқат ва энергия бозорларида нархларнинг юқори даражада қолаётгани Ўзбекистон ички бозоридаги инфляция учун ташқи хавфларни сақлаб турибди.

Марказий банк бу босимлар импорт нархлари, шунингдек, транспорт ва логистика харажатлари орқали ички нархларга таъсир қилиши мумкинлигини қайд этди.

Бунда ташқи нарх шокларининг ички инфляцияга иккиламчи таъсири ички талабнинг қандай шаклланиши ва ҳукумат томонидан кўриладиган таркибий чоралар билан боғлиқ бўлади.

Айрим асосий савдо ҳамкорлари валюталарининг қадрсизланиши фонида сўмнинг реал самарали алмашув курси йил давомида мустаҳкамланаётгани эса импорт орқали келадиган инфляцион босимни юмшатувчи омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Тарифлар ва тартибга солинадиган нархлар

Марказий банк тартибга солинадиган нархларни эркинлаштириш жараёни давом этаётгани ишлаб чиқариш харажатлари ва хизматлар нархларида иккиламчи инфляцион таъсирларни кучайтириши мумкинлигини билдирди.

Шу сабабли регулятор инфляцион хатарларнинг узоқ давом этувчи нарх босимига айланишининг олдини олиш, уларнинг иккиламчи таъсирини камайтириш ва инфляцион кутилмаларнинг изчил пасайишини таъминлаш учун қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолиш зарур, деган хулосага келган.

Марказий банк инфляция ва инфляцион кутилмалар, ички талаб ҳамда ташқи иқтисодий шароитлардаги ўзгаришларни кузатишда давом этади.

Регуляторнинг мақсади — 2027-йил якунига қадар инфляцияни 5 фоизлик таргет даражасига тушириш.

Маълумот учун, регулятор охирги марта 2024-йилнинг 20-мартида асосий ставка 13,5 фоиздан 0,5 фоизга оширилган эди. Шундан бери ўзгаришсиз қолмоқда.

Марказий банк бошқарувнинг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2026-йил 28-октябрь куни ўтказилади.

Теглар

Мавзуга оид