Logo

Асқар Ақаев: «Ислом Каримовнинг ёпиқ сиёсати сабаб, Қирғизистонда унга ҳайкал ўрнатган бўлар эдим»

Бугун 11:251 дақиқа

Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Ақаев Ислом Каримов даврида Ўзбекистонда юритилган ёпиқ иқтисодий сиёсат қирғиз ва қозоқ тадбиркорлари учун катта имкониятлар очганини маълум қилди.

Асқар Ақаев: «Ислом Каримовнинг ёпиқ сиёсати сабаб, Қирғизистонда унга ҳайкал ўрнатган бўлар эдим» © www.spbstu.ru

Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Ақаев подкастлардан бирида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳақида фикр билдирди.

Унинг таъкидлашича, Ислом Каримовнинг ёпиқ сиёсати сабабли қирғиз ва қозоқларга кенг имкониятлар очилган.

Ақаевнинг фикрича, агар Ўзбекистон ўша пайтда ҳам ҳозиргидек ташқи дунёга очиқ иқтисодий сиёсат юритганида, қирғиз тадбиркорлари ўзбек бизнеси билан рақобат қилиш имконига эга бўлмас эди.

 Шунингдек, Асқар Ақаев қирғиз халқининг савдо-сотиқни ўзлаштириб олганига ҳайрон қолгани ҳақида гапирар экан, ўзининг президентлик йилларида бунга ишонмаганлигини айтди.

«Чунки менинг назаримда бозор иқтисодиётига ўтишимиз билан ўзбек биродарлар бутун Марказий Осиёни эгаллаб, бошқарадигандек эди. Сабаби улар Совет давридаёқ бунга тайёр эди. Аммо биз барчамиз Ислом Каримовдан миннатдор бўлишимиз керак. У киши ўзбекларни Ўзбекистонда дунёдан ажратиб қўйди. Шу билан у қирғиз ва қозоқларга имконият яратиб берди. Мен шу учун Қирғизистонда Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатган бўлардим. У бизга йўл очиб бергани учун қирғизлар бозор механизмларини ўзлаштириб олди. Агар Ислом Каримов мана ҳозир Мирзиёев каби Ўзбекистонни бутун дунёга очганда эди, биз улар билан рақобатлаша олмас эдик», - дейди Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Ақаев.

Аввалроқ Асқар Ақаев Иссиқкўлдаги форумда амалдаги давлат раҳбари Садир Жапаровга яна 8-10 йиллик ваколат берилиши кераклигини айтган эди.

Теглар

Мавзуга оид