Кредит реструктуризацияси нима ва уни қандай ҳолларда талаб қилиш мумкин?
Молиявий қийинчиликка учраган қарздор банкдан кредит муддатини узайтириш, фоиз ставкасини қайта кўриб чиқиш ёки жарима ва пеняларни камайтиришни сўраши мумкин. Банк бундай аризани қабул қилиш, ўзининг очиқ мезонлари асосида кўриб чиқиш ва рад этса, қарорини асослантиришга мажбур. Бироқ мурожаатнинг ўзи қарздорга автоматик равишда имтиёз берилишини англатмайди.

Ишдан айрилиш, узоқ муддат касал бўлиб қолиш, оила даромадининг кескин камайиши ёки фавқулодда вазият туфайли айрим қарз олувчилар кредит бўйича навбатдаги тўловни амалга ошира олмай қолиши мумкин.
Бундай вазиятда энг кўп учрайдиган савол бор. Қарздор банкдан кредитни реструктуризация қилишни талаб қила оладими?
Амалдаги тартибга кўра, қарздор банкка кредит шартларини ўзгартириш тўғрисида ариза бериши мумкин. Банк эса бундай аризаларни кўриб чиқиш бўйича алоҳида ички тартибга эга бўлиши ва уни расмий сайтида эълон қилиши шарт.
Аммо қонунчилик қарздорга кредит муддатини узайтириш ёки фоизларни камайтиришни бир томонлама талаб қилиш ҳуқуқини бермайди. Қарз олувчининг асосий ҳуқуқи аризани банкка тақдим этиш, унинг рўйхатга олинишини, белгиланган мезонлар асосида кўриб чиқилишини ва банкнинг асослантирилган жавобини олишдир.
Реструктуризация нима?
Кредитни реструктуризация қилиш — амалдаги кредит шартномасининг айрим шартларини қарздорнинг молиявий ҳолатига мослаштириб ўзгартиришдир.
Бунда кредитнинг умумий муддати узайтирилиши, асосий қарзни тўлаш бўйича имтиёзли давр берилиши, ойлик тўлов миқдори камайтирилиб янги жадвал тузилиши ёки фоиз ставкаси вақтинча ёхуд доимий равишда қайта кўриб чиқилиши мумкин. Шунингдек, кечиктирилган тўловлар учун ҳисобланган жарима ва пеняларни камайтириш, тўлов саналарини ўзгартириш ҳамда қарздорга индивидуал шартлар асосида бошқа енгилликлар бериш ҳам реструктуризация шаклларига киради.
Бироқ реструктуризация қарзнинг бекор қилинишини англатмайди. Қарздор, одатда, кредитни тўлашда давом этади, фақат унинг тўлов муддати, ойлик юкламаси ёки бошқа шартлари ўзгартирилади.
Масалан, банк кредит муддатини икки йилга узайтирса, қарздорнинг ҳар ой тўлайдиган суммаси камайиши мумкин. Шу билан бирга, кредитдан фойдаланиш муддати узайгани сабабли кредит бўйича жами тўланадиган фоиз миқдори кўпайиши эҳтимоли мавжуд.
Шу сабабли реструктуризация шартларини қабул қилишдан олдин қарздор фақат янги ойлик тўлов миқдорига эмас, балки кредит бўйича якунда жами қанча маблағ тўлашига ҳам эътибор бериши керак.
Банк қандай тартибга эга бўлиши шарт?
2026 йил январь охиридан тижорат банклари молиявий қийинчилик, мураккаб ҳаётий вазият ёки форс-мажор сабабли тўловларни амалга оширишга қийналаётган мижозларнинг аризаларини кўриб чиқиш бўйича очиқ тартибга эга бўлиши шарт.
Ушбу тартибда камида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
реструктуризациянинг банк томонидан таклиф этиладиган турлари;
қайси ҳолатлар молиявий қийинчилик ёки мураккаб ҳаётий вазият деб тан олиниши;
қарздор қандай ҳужжатларни тақдим этиши;
ариза қаерга ва қандай шаклда берилиши;
мурожаатни кўриб чиқиш муддати;
қарздорнинг молиявий ҳолатини баҳолаш мезонлари;
қабул қилинган қарор ҳақида мижозга хабар бериш тартиби;
аризани рад этиш сабаблари ва асослантирилган жавоб бериш тартиби.
Демак, банк қарздорга шунчаки «реструктуризация қилинмайди» деган умумий жавоб бериши билан чекланмаслиги керак. Рад этиш банкнинг эълон қилинган ички мезонлари, қарздорнинг молиявий ҳолати ва тақдим этилган ҳужжатлар асосида изоҳланиши лозим.
Қайси ҳолатлар бу учун асос бўлиши мумкин?
Қонунчилик барча банклар учун молиявий қийинчиликларнинг ягона ёпиқ рўйхатини белгиламаган. Ҳар бир банк бундай ҳолатларни ўз ички тартибида аниқ кўрсатади. Бироқ биз мисол сифатида бир неча банклардаги шартларни кўриб чиқишимиз мумкин.
TBC Bank шартлари
TBC Bank мижозга тўлов санасини ўзгартириш, кредит муддатини узайтириш ёки вақтинча имтиёзли давр бериши мумкин. Муддат узайтирилганда ойлик тўлов камаяди, бироқ кредит бўйича жами тўлов миқдори ошиши мумкин.
Ишдан айрилиш, оғир касаллик, яқин инсоннинг хасталиги, ёнғин, турмуш ўртоғининг вафоти ёки ҳомиладорлик таътили реструктуризация сўраш учун асос бўлиши мумкин. Бундай вазият, ногиронлик ҳолатидан ташқари, ариза берилишидан кўпи билан тўрт ой олдин юз берган бўлиши керак.
TBC Bankдаги муҳим талаб мурожаат вақтида мижознинг нафақат ушбу банкда, балки бошқа банкларда ҳам кечиккан қарздорлиги бўлмаслигидир. Ариза топширилганидан кейин ҳам амалдаги жадвал бўйича тўловлар давом эттирилади. Ҳужжатлар 30 кун ичида кўриб чиқилиб, банк янги шартларни таклиф қилиши ёки аризани рад этиши мумкин.
Anorbank шартлари
Anorbank жисмоний шахслар билан бирга тадбиркорлар ва юридик шахсларнинг кредитларини ҳам реструктуризация қилиши мумкин. Банк кредит муддатини узайтириш, фоиз ставкасини вақтинча пасайтириш, асосий қарз ёки фоизлар бўйича кредит таътили бериш, жарима ва пеняларни камайтириш ёхуд бекор қилишни назарда тутган.
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилидаги аёллар учун тўловлар ўн ойгача, бошқа ҳолатларда эса бир йилгача кечиктирилиши мумкин. Бироқ кечиктириш даврида фоизлар, одатда, ҳисобланишда давом этади.
Реструктуризация оғир касаллик, ногиронлик, камида икки ой ишсиз қолиш, даромад манбасини йўқотиш, фарзанд туғилиши, бозор талабининг пасайиши, асосий активнинг бузилиши ёки форс-мажор каби ҳолатларда кўриб чиқилади. Аризачи молиявий қийинчиликни ҳужжатлар билан тасдиқлаши, ўзи тўлай оладиган ойлик суммани ва тўлов қобилиятини тиклаш муддатини кўрсатиши керак.
Банк қисқа муддатли қийинчиликни етарли асос деб ҳисобламаслиги мумкин. Масалан, даромаднинг фақат бир ойга ёки 20–30 фоизга камайиши, ҳужжатларнинг етишмаслиги ва кредит мажбуриятларининг мунтазам бузилиши рад этиш учун асос сифатида кўрсатилган. Аризалар одатда 15 иш кунида, қўшимча текширув зарур бўлса бир ойгача кўриб чиқилади.
Uzum Bank шартлари
Uzum Bank кредитни сўндириш муддатини узайтириш, фоиз ставкасини қайта кўриб чиқиш ва кечиктирилган тўловлар учун жарима ҳамда пеняларни камайтиришни назарда тутган.
Ишдан айрилиш, узоқ давом этган касаллик, I ёки II гуруҳ ногиронлиги, табиий офат, эпидемия ва давлат органлари жорий этган чекловлар реструктуризация учун асос бўлиши мумкин. Ҳомиладорлик ва туғиш таътилидаги аёлларнинг аризалари мажбурий тартибда кўриб чиқилиб, кредит тўловлари ўн ойгача узайтирилиши мумкин.
Uzum Bank тартибида қўшимча мезонлар ҳам мавжуд. Жумладан, қарздорлик қолдиғи дастлабки кредит суммасининг 20 фоизидан ошмаслиги, кредит муддати тугашига камида икки ой қолган бўлиши ва кредит аввал реструктуризация қилинмаган бўлиши керак. Аввалги ариза рад этилган бўлса, қайта мурожаат қилиш учун камида тўрт ой ўтиши талаб этилади.
Ишдан айрилиш каби айрим ҳолатларда вазият мурожаатдан кўпи билан тўрт ой олдин юз берган ва қарздорнинг ўртача даромади камида 30 фоизга камайган бўлиши керак. Бундай ҳолатда тўлов муддатини олти ойгача узайтириш мумкин.
Uzum Bank барқарор даромад мавжуд эмаслиги, бошқа банклардаги кредит тарихининг ёмонлашгани, реструктуризациядан кейин ҳам тўлов қобилияти етарли бўлмаслиги, ҳужжатларнинг тақдим этилмаслиги ёки сохта маълумот берилишини рад этиш учун асос сифатида белгилаган. Аризалар 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш зарур бўлса 30 кунгача кўриб чиқилади.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир банк кредитни реструктуризация қилиш бўйича ўз талаб ва шартларини белгилаши мумкин. Шу сабабли қарздор аниқ қайси банкда қандай тартиб амал қилишини билиш учун унинг расмий веб-сайтида эълон қилинган реструктуризация тартиби билан танишиб чиқиши лозим.
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилидаги аёллар учун алоҳида қоида
Банкларнинг ички тартибида ҳомиладорлик ва туғиш таътилини олган аёлларнинг кредит тўловлари муддатини ўн ойгача узайтириш ҳақидаги аризаларини кўриб чиқиш қоидалари мажбурий равишда мавжуд бўлиши керак.
Бироқ ушбу норма барча ҳомиладор ёки туғиш таътилидаги аёлларга автоматик равишда ўн ойлик кредит таътили берилади, дегани эмас.
Қонунчилик банкни аризани кўриб чиқишга мажбур қилади. Банк аёлнинг даромади, кредитнинг ҳолати, мавжуд таъминот, тўлов интизоми ва бошқа мезонларни баҳолаши мумкин.
Айрим банкларда асосий қарзни тўлашни вақтинча тўхтатиб, фақат фоизларни тўлаш варианти ҳам қўлланади. Бундай ҳолатда қарз олувчи ўн ой давомида умуман тўлов қилмаслиги эмас, балки кредитнинг асосий қисми кейинги даврга кўчирилиши мумкин.
Ариза бериш тўловларни автоматик тўхтатадими?
Реструктуризация ҳақидаги аризанинг банкка юборилиши амалдаги кредит шартномасини автоматик равишда ўзгартирмайди.
Банк ижобий қарор қабул қилиб, тарафлар қўшимча келишувни имзоламагунча эски тўлов жадвали кучда қолади. Шу даврда қарздор тўловни амалга оширмаса, кечикиш, жарима, пеня ва кредит тарихи билан боғлиқ оқибатлар юзага келиши мумкин.
Шунинг учун молиявий қийинчилик бошланиши биланоқ, қарздор тўлов муддати ўтиб кетишини кутмасдан банкка мурожаат қилгани маъқул.
Реструктуризация тасдиқланса, банк кредит шартномаси ва тўлов жадвалини янгидан расмийлаштириши керак. Қарздор янги жадвални имзолашдан олдин ойлик тўлов, янги якуний муддат, жами фоизлар ва қўшимча харажатларни текшириши лозим.
Банк аризани рад этса нима қилиш мумкин?
Банк қарздорнинг кредитни реструктуризация қилиш ҳақидаги талабини рад этишга ҳақли. Чунки кредит шартларини, жумладан, тўлов муддати, фоиз ставкаси ёки ойлик тўлов миқдорини ўзгартириш умумий қоида бўйича тарафларнинг ўзаро келишуви асосида амалга оширилади. Шу сабабли қарздорнинг реструктуризация сўраб мурожаат қилиши банк зиммасига кредит шартларини мажбурий равишда ўзгартириш мажбуриятини юкламайди.
Бироқ реструктуризацияни рад этиш ҳуқуқи банк қарздорнинг мурожаатини кўриб чиқмаслиги ёки белгиланган тартиб-таомилларга риоя қилмаслиги мумкинлигини англатмайди.
Хусусан, банк реструктуризация тартибини ўз расмий веб-сайтида эълон қилмаган, мижознинг аризасини қабул қилиш ёки рўйхатга олишдан бош тортган, белгиланган муддатда жавоб бермаган ёхуд аризани ўзи тасдиқлаган мезонлар асосида кўриб чиқмаган бўлса, қарздорнинг ҳуқуқлари бузилган деб баҳоланиши мумкин. Шунингдек, рад жавобининг сабаблари тушунтирилмаслиги ёки бир хил ҳолатдаги мижозларга ҳеч қандай асос бўлмаган ҳолда турлича муносабатда бўлиниши ҳам эътироз билдириш учун асос бўлиши мумкин.
Бундай вазиятларда қарздор банкнинг юқори турувчи органига мурожаат қилиши, шунингдек, Марказий банкка ёхуд судга шикоят киритиши мумкин.





