Logo

Самарқанд вилояти ҳокими ўқитувчи ва талабаларни кўча назоратига чиқармоқчи. Ташаббус жамоатчилик орасида мажбурий меҳнат борасидаги қўрқувни кучайтирмоқда

Bugun 14:596 daqiqa

Адиз Бобоевнинг ўқитувчи ва талабаларни кўча назоратига жалб этиш ташаббуси мажбурий меҳнат ҳақидаги баҳсларни яна кун тартибига олиб чиқди. Ҳокимлик буни «тавсия» дея изоҳлаётган бир пайтда, Меҳнат инспекцияси Vaqt.uz сўровига жавобан бу ноқонуний топшириқ экани ва ҳокимга огоҳлантириш юборилишини маълум қилди.

Самарқанд вилояти ҳокими ўқитувчи ва талабаларни кўча назоратига чиқармоқчи. Ташаббус жамоатчилик орасида мажбурий меҳнат борасидаги қўрқувни кучайтирмоқда

Вилоят ҳокими олий таълим муассасалари ректорлари билан учрашувда ҳар бир ОТМга ҳудуднинг катталиги, жойлашуви ва фаолият йўналишидан келиб чиқиб бир ёки бир нечта кўчани бириктириш таклифини илгари сурди.

Унинг сўзларига кўра, олий таълим муассасалари ўзларига бириктирилган кўчалардаги муаммоларни мунтазам кузатиб бориши, уларни таҳлил қилиши ва тегишли ташкилотларга таклифлар бериши керак.

«Сизлар ўша кўчанинг эгаси бўласизлар. Ҳар куни эрталаб битта ўқитувчи, битта ўқувчи ўша ердан пиёда юради. Қаерда тротуар синиб кетган, қайси кўчат қурияпти, қаерда суғориш тизими ишламайди, ногиронлар учун имконият йўқ — ҳаммасини кўриб, шу кўчага йўл харитаси қилиб оласизлар», — деди ҳоким.

Шунингдек, у касалланган дарахтларни хатловдан ўтказиш, куз мавсумида янги кўчатлар экиш, тартибсиз экилган дарахтларни қайта тартибга келтириш ҳамда буталарни ландшафт дизайни асосида барпо этиш режалаштирилаётганини ҳам айтди.

2026-06-25 16.15.51

Манба: Ҳокимлик видеосидан кадр

2026-06-25 16.17.56

Манба: Ҳокимлик видеосидан кадр

«Қаерда кўчат йўқ бўлса, рўйхатини қиласизлар, қандай кўчат кераклигини аниқлайсизлар. Кузда уларни экамиз. Тартибсиз экилган жойларни алмаштирамиз. Қаерда бутазор керак бўлса, шаклини ҳам сизлар кўрсатиб берасизлар», — деди Адиз Бобоев.

Мазкур видеолавҳа ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Кўплаб фойдаланувчилар эса ҳокимнинг топшириғи талабалар ва профессор-ўқитувчиларни кўчаларни ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб этиш – мажбурий меҳнатни қайтариш эканини таъкидламоқда.

«Домлалар кўча пойлайдими ёки талабага дарс берадими?»

Хусусан, самарқандлик блогер ва жамоатчилик фаоли Хайрулла Мамасолиев бу ташаббус амалда олий таълим муассасалари ходимлари ва талабалар зиммасига қўшимча мажбурият юклаши мумкинлигидан хавотир билдирди.

«Ҳукумат ўқитувчиларни қулликдан озод қилувди, эндиги навбат домлаларгами? Булар энди кўча пойлаб юрадими ёки студентларга дарс берадими?! Схемасини тахминан биламан нима бўлишини. Шаҳарга бунақа “армия”нинг умуман кераги йўқ. Бунақа ишларни яна буйруқбозлик, мажлисбозликсиз ҳам қилса бўларди», — деб ёзди у.

Мамасолиев, шунингдек, бундай ташаббуслар вақт ўтиши билан ОТМларда қўшимча мажлислар ва ҳисоботларни кўпайтириши, кўчаларни кузатиш жараёнида юз бериши мумкин бўлган нохуш ҳолатлар учун ким жавобгар бўлиши масаласи ҳам очиқ қолаётганини таъкидлади.

«Бундай амалиёт хавфли тенденцияга айланмаслиги керак»

Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов эса Vaqt.uz билан суҳбатда кўчаларни назорат қилиш, аввало, бунинг учун масъул бўлган давлат идораларининг вазифаси эканини таъкидлади.

«Кўчалар масаласи билан шуғулланиши керак бўлган, давлат бюджетидан маош оладиган масъул идоралар бор. Агар бу вазифалар талабалар ёки бошқа жамоат вакилларига юкланаётган бўлса, бу ўша идоралар ўз ишини тўлиқ бажармаётганини ҳам кўрсатади», — деди у.

Ҳуқуқ фаолининг қўшимча қилишича, бундай ташаббусларни мажбурий тус олдириб бўлмайди.

«Бундай амалиётни қандай оқлашмасин, у барибир хавфли. Биз яқин ўтмишда ҳам ярим ихтиёрий, ярим мажбурий ҳашарлар қандай қилиб охир-оқибат мажбурий меҳнатга айланганини кўрганмиз. Шунинг учун бундай тенденциядан эҳтиёт бўлиш керак», — деди Абдураҳмон Ташанов.

Ҳокимлик: Гап мажбурий меҳнат ҳақида эмас

Vaqt.uz мухбири ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Мирзо Ихтиёров билан боғланди.

Матбуот котибининг айтишича, ҳоким нутқи талабаларни кўча тозалаш ёки ободонлаштириш ишларига жалб этишни эмас, балки олий таълим муассасаларидаги мутахассисларнинг илмий салоҳиятидан фойдаланишни назарда тутган.

«Талабаларга бўлиб бериш дейилмаган у ерда. Олимларнинг салоҳиятидан фойдаланиш назарда тутилган. Масалан, кўчатлар касалланган ёки қуриб қолаётган бўлса, домлаларимиз, олимларимиз ёки тадқиқотчиларимиз кўриб, қандай даволаш, қандай дарахт экиш кераклиги бўйича тавсия беради. Улар илмий салоҳияти билан жамоатчилик назоратини олиб боради», — деди Мирзо Ихтиёров.

Унинг таъкидлашича, бу ташаббус барча талабалар ёки профессор-ўқитувчиларга эмас, тегишли йўналишдаги мутахассисларга қаратилган.

«Масалан, Самарқанд давлат университетида биология факультети бор. Ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети бор. Аграр инновациялар ва тадқиқотлар институти бор. Гап айнан шу йўналишдаги мутахассислар ҳақида кетмоқда», — деди у.

Vaqt.uz’нинг бу ташаббус мутахассислар ва талабалар учун мажбурийми, деган саволига матбуот котиби:

«Мажбурий эмас. Бу таклиф, тавсия холос», — дея жавоб берди.

Шунингдек, у ҳозирча кўчаларни олий таълим муассасаларига бириктириш бўйича амалий ишлар бошланмаганини ҳам маълум қилди.

«Бу таклиф, тавсия холос. Ҳозирча ҳеч ким бошлагани йўқ», — деди Мирзо Ихтиёров.

Меҳнат инспекцияси: Педагогларни ободонлаштириш ишларига жалб этиш тақиқланган

Vaqt.uz ҳолат юзасидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Меҳнат инспекцияси бошлиғи Нилуфар Аманниязованинг муносабатини ҳам олди.

Масуълнинг таъкидлашича, амалдаги қонунчилик педагог ходимларни ўз касбий фаолиятига алоқадор бўлмаган ишларга жалб этишни тақиқлайди. Хусусан, уларни ободонлаштириш, қишлоқ хўжалиги ишлари ва бошқа касбий вазифасига дахлдор бўлмаган ишларга жалб қилишга йўл қўйилмайди.

Нилуфар Аманниязованинг қўшимча қилишича, Самарқанд вилояти ҳокимига у билдирган ноқонуний ташаббус юзасидан ҳуқуқий огоҳлантириш юборилиши ҳам таъминланади.

Юрист: «Бундай топшириқ мажбурий тус олса, қонун бузилишига айланади»

Mеҳнат ҳуқуқи масалалари бўйича юрист Муҳаммадамин Каримжоновнинг Vaqt.uzга таъкидлашича, агар бундай ташаббуслар амалда талабалар ёки педагоглар учун мажбурий тус олса, бу бир қатор қонун ҳужжатларига зид бўлиши мумкин.

Унинг айтишича, Ўзбекистон Конституцияси ва Меҳнат кодексида мажбурий меҳнат тақиқланган. Шунингдек, «Таълим тўғрисида»ги қонун таълим олувчиларни таълим жараёнига алоқадор бўлмаган ишларга жалб этишни тақиқлайди. «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонун эса педагогларни касбий фаолиятига алоқадор бўлмаган ишларга, жумладан, ободонлаштириш ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилишга йўл қўймайди.

«Қонунчиликка кўра, шахснинг ихтиёрий розилигисиз, жазо қўллаш таҳдиди остида бирор ишни бажаришга мажбурлаш мажбурий меҳнат ҳисобланади. Агар бу ташаббус амалда талабалар ёки педагоглар учун мажбурий тус олса, унинг қонунийлиги ҳақида жиддий саволлар туғилади», — деди Муҳаммадамин Каримжонов.

Юрист, шунингдек, 2018 йилда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 349-сон қарори билан ҳокимларга фуқароларни, жумладан, бюджет ташкилотлари ходимлари, талабалар ва ўқувчиларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва бошқа жамоат ишларига мажбурий жалб қилишнинг олдини олиш вазифаси юкланганини эслатди.

«Ушбу қарорда ҳокимлар ва бошқа мансабдор шахсларга бундай ҳолатларнинг олдини олиш, уларга чек қўйиш ҳамда мажбурий меҳнатга йўл қўйган мансабдорларга нисбатан интизомий чоралар кўриш белгиланган. Шунинг учун ҳар қандай ташаббус ихтиёрийлик доирасидан чиқмаслиги керак», — деди у.

Яқин тарихдан маълумки, ўқитувчи ва талабаларни турли жамоат ишларига жалб қилиш кўпинча «тавсия», «ташаббус» ёки «бириктириш» деган номлар билан бошланган. Биринчи президент Ислом Каримов даврида ҳам айнан шундай амалиётлар кейинчалик мажбурий меҳнатга айлангани ва кенг танқид қилингани ҳеч кимга сир эмас. Орадан йиллар ўтиб, бу тизимдан воз кечилди ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш учун тизимли ишлар амалга оширилди.

Шу боис бугун ҳам шунга ўхшаш ташаббуслар жамиятда хавотир уйғотаётгани бежиз эмас. Агар ташаббус ҳақиқатан ҳам фақат тавсия бўлса, у амалда ҳам шундай қолиши шарт. Аммо у амалда талабалар ва ўқитувчилар зиммасига навбатдаги мажбурият сифатида юкланса, бу эски хатоларнинг яна такрорланишидан бошқа нарса бўлмайди.

Айниқса, Меҳнат инспекцияси педагогларни касбий фаолиятига алоқадор бўлмаган ишларга жалб этиш қонун билан тақиқланганини эслатган бир пайтда, ҳар қандай бундай ташаббус қонун доирасида баҳоланиши ва унинг мажбурий тус олишига мутлақо йўл қўйилмаслиги керак.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 157

Barchasi

Mavzuga oid

Самарқанд вилояти ҳокими ўқитувчи ва талабаларни кўча назоратига чиқармоқчи. Ташаббус жамоатчилик орасида мажбурий меҳнат борасидаги қўрқувни кучайтирмоқда | Vaqt.uz