Logo

Трампнинг «Олтин гумбази» илк синовдан ўтди

Kecha 22:462 daqiqa

Вашингтон ҳаводан келиши мумкин бўлган таҳдидларга қарши янги авлод мудофаа тизими устида ишламоқда. Унинг илк синов босқичи давомида дронлар ва қанотли ракеталарни муваффақиятли нишонга олингани айтилмоқда.

Трампнинг «Олтин гумбази» илк синовдан ўтди

АҚШда «Golden Dome» («Олтин гумбаз») деб номланган янги ракетага қарши мудофаа тизимининг илк синов жараёни ўтказилди. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири Пит Хегсет маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, синовлар дастур доирасида режалаштирилган муддатларда амалга оширилган ва барча вазифалар муваффақиятли бажарилган. Синов жараёнини вазирнинг ўзи ҳам бевосита кузатган.

«Бугун «Америка учун Олтин гумбаз» дастури доирасидаги дастлабки муҳим синовлар тўлиқ муваффақият билан якунланди ва мен ушбу жараённи шахсан кузатиш шарафига муяссар бўлдим», — деб таъкидлади вазир.

Дронлар ва ракеталар нишонга олинди

Пит Хегсетнинг сўзларига кўра, тизим яқинлашаётган нишонларни мустақил аниқлаб, уларни йўқ қилиш имкониятини намойиш этган. Синов давомида дронлар ва қанотли ракеталар нишон сифатида қўлланган.

Мудофаа вазири тизимда илғор йўналтирилган энергия технологиялари қўлланганини маълум қилди. Ушбу технологиялар нишонларни тез аниқлаш ва автоматик тарзда бартараф этиш имконини беради.

«Мен етакчи жангчиларимизнинг яқинлашаётган дронлар ва қанотли ракеталарни ўз жойида тўхтатиш учун энг янги авлод технологиялари билан интеграциялашганини кузатдим», — деди у.

АҚШ янги ҳимоя тизимини яратмоқда

«Golden Dome» кўп босқичли ракетага қарши мудофаа тизими ҳисобланади. Лойиҳа АҚШнинг материк қисми ҳудудини турли хил ҳаво ҳужумларидан ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилмоқда.

Тизим баллистик, қанотли ва гипертовушли ракеталар, шунингдек, учувчисиз учиш аппаратларини аниқлаш ва йўқ қилиш имкониятига эга бўлиши режалаштирилган. Лойиҳанинг асосий вазифаларидан бири ядровий қурол ташувчи ракеталар таҳдидига қарши қўшимча ҳимоя қатламини яратишдан иборат.

Teglar

Mavzuga oid