Кредит олган одам вафот этса, қарзга нима бўлади?
Кредит олган шахснинг вафот этиши банк олдидаги қарзни автоматик равишда бекор қилмайди. Бироқ бу қарз марҳумнинг турмуш ўртоғи, фарзандлари ёки бошқа яқинлари зиммасига шунчаки қариндош бўлгани учун ўтмайди. Қарзнинг кейинги тақдири мерос таркиби, кредит таъминоти, суғурта, кафиллик ва шартномада бошқа қарздорлар мавжудлигига қараб белгиланади.

Кредит олиш нафақат маблағдан фойдаланиш имконини, балки уни белгиланган муддат ва шартларда қайтариш мажбуриятини ҳам англатади. Бироқ қарз олувчи кредит тўлиқ сўндирилмасидан вафот этса, мажбурият ҳар доим ҳам ўз-ўзидан бекор бўлмайди. Айрим ҳолатларда қарз мерос таркибида меросхўрларга ўтиши, турмуш ўртоғи, биргаликда қарз олувчи, кафил ёки суғурта ташкилотининг жавобгарлиги масаласи юзага келиши мумкин.
Нега қарз вафот этиш билан бекор бўлмайди?
Фуқаролик қонунчилигига кўра, қарздорнинг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлган айрим мажбуриятлар унинг вафоти билан тугайди. Масалан, шахснинг ўзи бажариши зарур бўлган айрим хизматлар ёки унинг шахсига бевосита боғланган мажбуриятлар шулар жумласидан.
Кредит эса пул мажбурияти ҳисобланади. Уни бажариш фақат қарз олувчининг шахсан иштирок этишини талаб қилмайди. Шу сабаб кредит бўйича асосий қарз, фоизлар ва қонуний талаблар, шахс вафоти билан автоматик бекор бўлмайди.
Фуқаролик кодексининг 1113-моддасига мувофиқ, мерос очилган пайтда марҳумга тегишли бўлган ва унинг вафоти билан тугамайдиган ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлар мерос таркибига киради.
Демак, мерос фақат уй, автомобил, омонат ёки бошқа активлардан иборат эмас. Марҳумнинг бажарилмаган молиявий мажбуриятлари ҳам мерос масаласини ҳал қилишда ҳисобга олинади.
Шу билан бирга инсоннинг марҳумга қариндошлиги унинг кредитни автоматик тўлаши кераклигини англатмайди.
Банк, марҳумнинг фарзандидан фақат фарзанд бўлгани учун, турмуш ўртоғидан фақат никоҳда бўлгани учун ва ака-ука ёки опа-сингилдан эса фақат яқин қариндош бўлгани учун қарзни тўлашни талаб қила олмайди. Бунинг учун ҳуқуқий асос бўлиши керак. Бундай асос мерос олиш, биргаликда қарз олувчилик, кафиллик, биргаликдаги мажбурият ёки гаров билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Меросхўр қанча миқдорда жавоб беради?
Фуқаролик кодексининг 1156-моддасига кўра, марҳумнинг кредиторлари ўз талабларини меросхўрларга, васиятномани ижро этувчига ёки меросни бошқарувчига қўйиши мумкин.
Бунда ҳар бир меросхўр ўзига теккан мол-мулк қиймати доирасида жавоб беради.
Масалан:
кредит қарзи — 150 млн сўм;
марҳумдан қолган умумий мол-мулк — 90 млн сўм;
меросхўрга теккан мол-мулк — 45 млн сўм.
Мазкур меросхўрнинг меросхўр сифатидаги жавобгарлиги 45 млн сўмдан ошмаслиги керак. Банк қолган қарзни унинг иш ҳақи, шахсий автомобили ёки меросга алоқаси бўлмаган бошқа мол-мулкидан ундиришни фақат меросхўрлик муносабатига асосланиб талаб қила олмайди.
Бироқ у кредит шартномасида биргаликда қарз олувчи ёки кафил сифатида қатнашган бўлса, унинг жавобгарлиги мерос қиймати билан чекланмаслиги мумкин. Чунки бундай ҳолатда жавобгарлик меросхўрликдан эмас, алоҳида шартномадан келиб чиқади.
Бир нечта меросхўр бўлса, қарз қандай тақсимланади?
Қонунчиликда меросхўрлар кредитор олдида солидар қарздорлар сифатида жавоб бериши белгиланган. Бу банк талабни бир ёки бир нечта меросхўрга қўйиши мумкинлигини англатади. Солидар жавобгарликда банк қарзнинг тўлиқ суммасини барча меросхўрлардан биргаликда ёки уларнинг исталган биридан талаб қилиши мумкин.
Шунга қарамай, ҳар бир меросхўр учун максимал жавобгарлик чегараси унга теккан мерос қиймати ҳисобланади.
Масалан, уч нафар меросхўрга мос равишда 60 млн, 40 млн ва 20 млн сўмлик мол-мулк теккан бўлса, уларнинг ҳеч бири ўзига теккан мол-мулк қийматидан ортиқ суммага фақат меросхўр сифатида жавоб бермаслиги керак.
Меросдан воз кечилса, кредитни тўлаш керакми?
Меросхўр меросдан воз кечишга ҳақли (ФК 1147-модда). Бунинг учун мерос очилган жойдаги нотариусга ёзма ариза берилади. Меросдан қонуний тартибда воз кечган шахс, агар кредит бўйича бошқа мустақил мажбурияти бўлмаса, марҳумнинг қарзларига меросхўр сифатида жавоб бермайди.
Аммо бунда муҳим жиҳат бор. Мероснинг фақат қарз қисмидан воз кечиб, уй, автомобил ёки бошқа активларни олиб қолиш мумкин эмас. Мерос мол-мулк ва у билан боғлиқ мажбуриятлар мажмуи сифатида баҳоланади.
Шунингдек, ФК 1147-моддаси 4-қисмига кўра, меросдан воз кечиш тўғрисидаги аризани кейинчалик қайтариб олиш ёки бекор қилиш мумкин эмас.
Шу боис қарор қабул қилишдан олдин марҳумнинг барча мол-мулки, банклардаги кредитлари, микроқарз ва кредит карта қарзлари, солиқлар ва бошқа мажбуриятлар, гаров ва кафиллик шартномалари ҳамда мавжуд суғурта полисларини тўлиқ текшириб чиқиш керак.
Турмуш ўртоғи кредитни тўлаши шартми?
Марҳумнинг эри ёки хотини бўлишнинг ўзи кредитни тўлаш мажбуриятини юзага келтирмайди. Турмуш ўртоғининг жавобгарлиги бир нечта ҳолатга боғлиқ.
1. Турмуш ўртоғи биргаликда қарз олувчи бўлса
Агар кредит шартномасида эр ва хотин биргаликда қарз олувчи сифатида кўрсатилган бўлса, тирик қолган турмуш ўртоғи шартномадаги ўз мажбуриятларини бажаришда давом этади.
Бундай жавобгарлик унинг мерос олган-олмаганидан қатъи назар, бевосита кредит шартномасидан келиб чиқади.
2. Турмуш ўртоғи кафил бўлса
Агар у кредит бўйича кафиллик шартномасини имзолаган бўлса, банк унга кафил сифатида талаб қўйиши мумкин. Бунда кафиллик шартномасининг муддати, ҳажми, шартлари ва қарздор алмашганда кафилнинг розилиги масаласи текширилади.
3. Кредит оила эҳтиёжлари учун ишлатилган бўлса
Оила кодекси 34-моддасига кўра, эр ёки хотиннинг мажбурияти бўйича олинган маблағлар оиланинг умумий эҳтиёжларига сарфлангани судда аниқланса, ундирув эр-хотиннинг умумий мол-мулкига қаратилиши мумкин.
Масалан, кредит маблағи оилавий уй сотиб олишга ёки уй-жойни таъмирлашга сарфланган бўлса, қарзнинг умумий оилавий мажбурият эканлиги масаласи юзага келиши мумкин.
Бироқ банк кредитнинг оила эҳтиёжларига сарфланганини асослаб бериши керак. Марҳумнинг шахсий мақсадлари учун олинган ҳар қандай кредит автоматик равишда умумий оилавий қарзга айланмайди.
4. Эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улуш
Никоҳ давомида орттирилган мол-мулк эр-хотиннинг умумий мулки ҳисобланади. Марҳумнинг ушбу умумий мол-мулкдаги улуши аниқланиб, мерос таркибига киритилиши мумкин.
Шундан кейин кредитор талаби марҳумга тегишли улуш доирасида ҳам кўриб чиқилади. Бу ҳолатда тирик қолган турмуш ўртоғининг ўз улуши ҳам автоматик равишда банкка ўтади, дегани эмас.
Кафил кредитни тўлашга мажбур бўладими?
Фуқаролик кодексининг 293-моддасига кўра, қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб беради. Қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгарлиги назарда тутилган бўлиши ҳам мумкин.
Агар кафиллик шартномасида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, кафил қарздор билан бир хил ҳажмда жавоб беради. Унинг жавобгарлиги асосий қарз, кредит фоизлари, қарзни ундириш билан боғлиқ суд чиқимлари ҳамда мажбурият бажарилмагани туфайли кредиторга етказилган бошқа зарарларни ҳам қамраб олиши мумкин.
Қарз олувчининг вафот этиши кафилликни ўз-ўзидан бекор қилмайди. Марҳумнинг кредит мажбуриятлари мерос таркибида сақланиб қолади, меросни қабул қилган меросхўрлар эса ўзларига теккан мол-мулк қиймати доирасида жавоб беради.
Кафилнинг жавобгарлиги эса меросхўрларнинг жавобгарлигидан алоҳида, кафиллик шартномаси асосида юзага келади. Шу сабаб банк қарзни кафилдан кафиллик шартномасида назарда тутилган ҳажм ва муддат доирасида талаб қилиши мумкин.
Бунда кафиллик шартномасининг амал қилиш муддати, кафил жавобгарлигининг миқдори, кредит шартларига кейинчалик ўзгартириш киритилган-киритилмагани ва кафилликнинг бекор бўлишига олиб келадиган бошқа ҳолатлар алоҳида текширилиши керак.
Кредит гаров билан таъминланган бўлса нима бўлади?
Ипотека кредити, автокредит ёки бошқа йирик кредитларда мол-мулк гаровга қўйилган бўлиши мумкин.
Қарз олувчининг вафоти гаровни автоматик равишда бекор қилмайди. Гаровга қўйилган уй, автомобил ёки бошқа мол-мулк меросхўрга ўтса ҳам, унга қўйилган гаров сақланиб қолади.
«Ипотека тўғрисида»ги қонуннинг 25-моддасига кўра, ипотека предмети универсал ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсга ўтганда, уни олган шахс ипотекага қўювчининг ўрнини эгаллайди. Ипотека эса ўз кучини сақлаб қолади.
Меросхўрда одатда бир нечта амалий вариант бўлади:
— кредит тўловларини банк билан келишилган тартибда давом эттириш;
— қарзни муддатидан олдин тўлиқ ёпиш;
— кредит шартларини қайта кўриб чиқиш ёки реструктуризация сўраш;
— банк розилиги билан мол-мулкни сотиб, қарзни ёпиш;
— меросдан воз кечиш.
Агар қарз тўланмаса, банк қонунчилик ва шартномада белгиланган тартибда ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиши мумкин.
Бироқ бу банк гаровдаги мол-мулкни исталган вақтда, ҳеч қандай тартибсиз олиб қўйиши мумкинлигини англатмайди. Ундирув суд ёки қонунда ва шартномада назарда тутилган бошқа тартибда амалга оширилади.
«Гаров тўғрисида»ги қонунга киритилган қоидаларга кўра, бир вақтнинг ўзида қарздорлик гаров қийматининг 15 фоизидан кам ва кечикиш муддати уч ойдан ошмаган бўлса, бузилиш жуда арзимас деб топилиши ҳамда суд ундирувни гаровга қаратишни рад этиши мумкин. Бунда иккала шарт биргаликда мавжуд бўлиши керак.
Кредит бўйича суғурта мавжуд бўлса нима бўлади?
Кредит ажратишда айрим ҳолларда қарз олувчининг кредитни тўламаганлиги учун жавобгарлиги суғурталанади. Бу қарз олувчининг банк олдидаги кредитни қайтариш мажбуриятини бажармаслиги оқибатида юзага келадиган шартномавий фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш ҳисобланади.
Фуқаролик кодексининг 919-моддасига кўра, шартномани бузганлик учун жавобгарлик хавфини суғурта қилишга қонунда назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади.
«Суғурта фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддасида шартнома шартларини бузганлик учун жавобгарлик юзага келиши таваккалчилиги суғурта объекти бўлиши мумкинлиги белгиланган. Суғурта захиралари тўғрисидаги низомда эса «қарз олувчиларнинг кредитни тўламаганлиги учун жавобгарлигини суғурта қилиш» алоҳида суғурта тури сифатида кўрсатилган.
Қарз олувчи вафот этганида суғурта компаниясининг кредит қарзини қоплаши суғурта шартномасининг аниқ шартларига боғлиқ. Агар қарз олувчининг вафоти оқибатида кредитнинг қайтарилмай қолиши суғурта ҳодисаси сифатида назарда тутилган бўлса, суғурталовчи шартномада белгиланган сумма доирасида банкка суғурта товонини тўлаши мумкин.
Бироқ қарз олувчининг вафот этиши суғурта компанияси кредитни барча ҳолатда автоматик равишда ёпишини англатмайди. Кредит ҳужжатлари орасида суғурта полиси мавжудлиги, айнан қандай таваккалчиликлар суғурталангани, суғурта суммаси, шартноманинг амал қилиш муддати ва ундаги истиснолар текширилиши керак.
Агар суғурта товони кредит қарзининг фақат бир қисмини қопласа, қолган қарз мерос, гаров, кафиллик ва ҳамқарз олувчилик ҳақидаги қоидаларга мувофиқ ҳал қилинади.
Хулоса қилиб айтганда, қарз олувчининг вафоти кредит мажбуриятини автоматик равишда бекор қилмайди. Қарзнинг кейинги тақдири мерос миқдори, кафиллик, ҳамқарз олувчилик, гаров ва суғурта шартларига қараб белгиланади.
Teglar






