Фирибгарлар учун кучайтирилган жазо, 25 миллиард доллардан ошган валютага талаб ва Гиннес рекордини ўрнатган «Андижон полкаси» — 24 июн дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Талон-торож ва фирибгарлик жиноятлари учун жазо чоралари кучайтирилди
Ўзбекистонда талон-торож ва фирибгарлик жиноятлари учун жавобгарлик кучайтирилди. Президент томонидан имзоланган янги қонунга кўра, энди фирибгарлик ёки ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишда айбланган шахслар етказилган зарарни тўлиқ қопламаган тақдирда, муддатидан олдин шартли равишда озодликка чиқиш ҳуқуқига эга бўлмайди.
Шунингдек, мансаб мавқеидан фойдаланиб содир этилган талон-торож ва фирибгарлик жиноятлари учун жазо муддати ҳам оширилди. Илгари бундай ҳолатларда энг кўпи билан 5–8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилган бўлса, эндиликда максимал жазо 10 йилгача этиб белгиланди.
Ўзбекистон Европа ва АҚШдан газ инвесторларини қидирмоқда — Bloomberg
Ўзбекистон ҳукумати BP компанияси билан келишувдан сўнг газ соҳасига Европа ва АҚШнинг йирик энергетика компанияларини жалб қилиш ишларини кучайтирмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакили Хуршед Мустафаевнинг айтишича, ҳукумат маҳсулотни тақсимлаш шартномалари орқали газ конларини ривожлантириш учун Ғарб инвесторларини жалб қилиш устида ишламоқда.
«Bloomberg» маълумотига кўра, Ўзбекистонда тахминан 2 трлн кубометр тасдиқланган газ захираси мавжуд, бироқ эски конлар туфайли ишлаб чиқариш сўнгги йилларда камайган.
Ўзбекистонда валютага бўлган талаб 25 миллиард доллардан ошди
2026 йилнинг январ–май ойларида Ўзбекистон ички валюта бозорида чет эл валютасига бўлган жами талаб 25,7 миллиард долларни ташкил этди. Марказий банк маълумотларига кўра, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20,1 фоизга кўп. Мазкур даврда юридик шахслар 20,2 миллиард доллар, жисмоний шахслар эса 5,5 миллиард доллар миқдорида валюта харид қилган.
Шу даврда валюта таклифи ҳам 22,3 миллиард долларга етиб, бир йил аввалгига нисбатан 28,6 фоизга ошди. Аҳоли тижорат банкларига 10,2 миллиард доллар, юридик шахслар эса 12,1 миллиард доллар сотган. Доллар курси 11 938–12 320 сўм оралиғида ҳаракатланиб, йил бошига нисбатан деярли ўзгармаган. Валюта курси тебранувчанлиги ўртача 30 сўм ёки 0,25 фоизни ташкил этган.
«Андижон полкаси» Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди
Андижон шаҳрида 20 минг нафар иштирокчи бир вақтнинг ўзида «Андижон полкаси»га рақсга тушиб, Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олди. Вилоят ҳокимлиги маълум қилишича, ташаббусдан мақсад ўзбек миллий рақс санъатини жаҳон миқёсида тарғиб қилиш ҳамда мазкур натижа билан Гиннес рекордини ўрнатишдан иборат бўлган.
Тадбир Андижон шаҳрининг 2026 йилда «Турк дунёсининг маданий пойтахти» деб эълон қилиниши доирасида ташкил этилди. Рекорд ўрнатилиши муносабати билан шаҳар марказида миллий куй-қўшиқлар, анъанавий либослар ва махсус маданий чиқишлар намойиш этилган.





