Logo

Августда олтин сотилмагани ортидан экспорт даромадлари 3,5 баробар камайди

Ўтган йили 9,9 миллиард доллардан ортиқ даромад келтирган олтин экспорти бу йил кескин қисқарди. Аҳамиятлиси, мамлакат йил давомида қимматбаҳо металлни фақатгина икки ойда сотган.

Августда олтин сотилмагани ортидан экспорт даромадлари 3,5 баробар камайди © Bloomberg

Ўзбекистонда август ойида тўхтатилган олтин экспорти сентябрда ҳам давом этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитасининг 2026-йил январ–сентябр ойларидаги ташқи савдо бўйича дастлабки ҳисоботида маълум қилинди.

Тўққиз ойда мамлакат экспорти 25,8 миллиард долларни ташкил этган. Бу 2025-йилнинг шу даврига нисбатан 5,5 фоизга кам.

Экспорт ҳажмининг пасайишига, асосан, қимматбаҳо металл етказиб беришнинг қисқаргани таъсир кўрсатган. Шу билан бирга, олтиндан ташқари бошқа товарлар экспортидан тушган даромад 31,6 фоизга ошиб, 13,3 миллиард долларга етган. Хизматлар экспорти эса 31,1 фоизлик ўсиш билан 9,71 миллиард долларни ташкил қилган.

Январ–сентябр ойларида олтин экспортидан тушган жами тушум 2,8 миллиард доллар бўлган. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 9,8 миллиард долларни ташкил этган эди. Натижада олтин экспорти қиймати бир йил ичида қарийб 3,5 баробар камайган.

2026-yilda Ўзбекистон олтинни фақат икки ой — апрел ва июлда экспорт қилган. Апрел ойида қимматбаҳо металл экспорти 1,5 миллиард доллар, июлда эса 1,3 миллиард долларни ташкил этган. Шундан кейин экспорт қайта тикланмаган.

Таққослаш учун, 2025-йил якунида Ўзбекистон олтин экспорти бўйича рекорд натижага эришган. Йил давомида қимматбаҳо металл етказиб бериш қиймати 9,9 миллиард доллардан ошган.

Теглар

Мавзуга оид