add

«Авиасозлар» бозоридаги ёнғин: камида 20 тадбиркор мол-мулкидан ажралган

Бугун 19:551113 дақиқа

Тошкентнинг Яшнобод туманидаги «Авиасозлар» бозорида содир бўлган ёнғинда дўконлар ва савдо расталари ёниб кетди. Энг катта зарар кўрган тадбиркорнинг 120 минг долларлик товари ёнган.

Тошкент шаҳри Яшнобод туманида жойлашган «Авиасозлар» (собиқ «Кадишева») бозори ҳудудида 13 декабрга ўтар кечаси ёнғин содир бўлгани тасвирлари ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Vaqt.uz бахтсиз ҳодиса оқибатларини воқеа рўй берган жойга бориб ўрганди, масъуллар ва воқеа гувоҳлари билан суҳбатлашди.

Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармасининг маълум қилишича, бозорнинг маъмурий биноларидан бири ёнаётгани ҳақидаги хабар 13-декабр куни тунги соат 01:30 да келиб тушган.

Қутқарув экипажлари соат 01:34 да воқеа жойига етиб борган. Ёнғин 02:29 да қуршаб олиниб, 03:03 да тўлиқ ўчирилган.

Ёнғин оқибатида иккинчи қаватда жойлашган маъмурий қисмга ёндош 400 метр квадрат майдондаги дўконлар, расталар ва улардаги маҳсулотлар ёнган. Ҳеч кимга тан жароҳати етмаган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг Vaqt.uzʼга маълум қилишича, айни пайтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари, етказилган зарар кўлами ўрганилмоқда. Экспертиза натижалари бир ойда маълум бўлади ва шундан сўнг етказилган зарар кўлами расман маълум қилинади, деди биз билан суҳбатда Мурод Содиқов.

Айни пайтда ёнғин содир бўлган ҳудуд ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари томонидан ўраб олинган. Ёнғин содир бўлган ҳудуд ҳам ўраб қўйилган. Иккинчи қаватдаги савдо павилйони ёнғиндан сўнг қулаб тушганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Ёнғин юз берган ҳудудда маҳсулот реализация қилиш растаси бўлган тадбиркорлардан бирининг ҳикоя қилишича, 20 га яқин дўкон ва сартарошхона ёнган, бироқ бозор директори 3 та дўконга ўт тушгани ва қолган қисмда фақат қандолатчилик маҳсулотлари сотиладиган савдо расталари бўлганини айтди.

Энг кўп талафот кўрган тадбиркорлардан бирининг 100 минг долларлик товарлари ёниб кетгани айтилмоқда.

Бозор маъмурияти ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари талафот етган тадбиркорларнинг кўрган зарарлари борасида хатлов ўтказиб турганининг гувоҳи бўлдик. Тадбиркорлар ва сотувчилар қандай маҳсулотлари ёнгани ва қанча зарар кўргани ҳақида аризалар ёзишди.

«Авиасозлар» деҳқон бозори директори Ғанишер Қурбонов ёнғин оқибатида кўрилган зарар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган ёрдам ҳақида сўзлаб берди.

Тадбиркорлар 20 га яқин дўкон ва сартарошхона ёнганини айтишди, бироқ бозор директори 3 та дўконга ўт тушгани ва қолган қисмда фақат қандолатчилик маҳсулотлари сотиладиган савдо расталари бўлганини айтди.

«Ёнғин тунги соат 1:30 лар атрофида содир бўлди. Бозорда жума тозалик куни бўлгани сабабли, кўплаб ходимларимиз шу ерда эди. Ўт ўчирувчилар ҳам тезда етиб келгани сабабли, ёнғин тезда бартараф этилди. Маъмурият биноси жойлашган иккинчи қаватдаги умумий майдон 700 метр квадратга тенг. Содир унинг 400 метр квадратига зарар етказди. Ҳеч кимга жароҳат етмади», — деди бозор директори.

Унинг сўзларига кўра, мккинчи қаватда фақат учта тадбиркор дўкон очиб фаолият кўрсатаётганди. 20 тадан ортиқ тадбиркор дўконлари деган гап ҳақиқатга тўғри келмайди, 1 метр энликдаги савдо расталари бўлган.

«Ҳозир экспертлар барча жиҳатларни ўрганаяпти. Етказилган зарар хатлов қилинмоқда. Кейин, улар билан суҳбатлашиб, зарарларнинг ўрнини қоплаш масаласи ҳал қилинади. Ҳозир биринчи галдаги масала — зарар кўрган тадбиркорларга бозоримиздан янги жой ташкиллаштириб бериш», — деди Ғанишер Қурбонов.

Қайд этиб ўтиш лозим, бозорнинг қолган қисмида фаолият аввалгидек давом этмоқда. Расталар ва дўконлар харидорлар билан гавжум.

Туни билан ҳудудда тозалаш ишлари олиб борилиб, бозорда савдо-сотиқ аввалгидек давом этиши учун эрталабгача тартибга келтирилган.

Бозор маъмурияти ва масъуллар талафот кўрган тадбиркорларни тинчлантириб, биринчи навбатда уларга савдо учун жой ажратилиши, кейинчалик кўрган зарарларини қоплаб бериш масаласида иш олиб борилаётганини тушунтиришаётгани гувоҳи бўлдик.

Vaqt.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Оператор ва монтажчи: Сардор Зиёдуллаев.

Теглар

Шуҳрат Шокиржонов

Шуҳрат ШокиржоновМақолалар сони: 88

Барчаси

Мавзуга оид