Австрия ноқонуний афғон мигрантларини Ўзбекистон орқали депортация қилади

Кеча 21:552 дақиқа

Шу пайтгача Афғонистонга депортация қилиш фақат Истанбул аэропорти орқали амалга оширилар эди, бу келишув эса Кобулга «иккинчи дарвоза»ни очади.

Австрия ноқонуний афғон мигрантларини Ўзбекистон орқали депортация қилади © APA / Helmut Fohringer

Австрия ҳукумати мамлакатдаги ноқонуний афғон мигрантларини Ўзбекистон орқали ўз юртига депортация қилишни йўлга қўяди. Бу ҳақда Австриянинг «Die Presse» нашри хабар берди.

Ушбу миграция бўйича ҳамкорлик ҳамда «мобиллик тўғрисидаги битим»ни имзолаш мақсадида келаси ҳафтанинг 7 май куни Австрия ташқи ишлар вазири Беате Майнл-Райзингер ва ички ишлар вазири Герхард Карнер Ўзбекистонга ташриф буюради.

Янги тартибга кўра, ватанига қайтарилиши керак бўлган афғонлар Австрия кузатувчилари (эскорти) остида шимолий қўшни давлат – Ўзбекистон орқали ўз манзилларига етказилади. Бу ҳақда Австрия Ички ишлар вазирлиги вакиллари маълум қилган. Шу пайтгача Афғонистонга депортация қилиш фақат Истанбул аэропорти орқали амалга оширилар эди, бу келишув эса Кобулга «иккинчи дарвоза»ни очади.

Мазкур битим депортация жараёнларини изчил амалга оширишга қаратилган. Ички ишлар вазири Герхард Карнернинг сўзларига кўра, бу келишув қатъий ва адолатли бошпана сиёсатининг бир қисми сифатида хизмат қилади. Ҳужжат доирасида Европа Иттифоқига Ўзбекистон орқали кирган учинчи давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни қайтариб олиш масаласи ҳам тартибга солинади.

Шунингдек, ҳужжат ўзбекистонлик малакали ишчиларнинг Австрияга хавфсиз ва тартибли миграциясини рағбатлантиришни ҳам ўз ичига олади. Бу ҳақда Вазирлар маҳкамаси йиғилишидан сўнг Ташқи ишлар вазири Майнль-Райзингер маълум қилиб, қонуний миграция йўллари мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга бўлишини таъкидлади.

Австрия ва бошқа Европа давлатлари (Германия, Греция, Нидерландия, Дания) томонидан илгари сурилаётган бошпана бериш рад этилганлар учун «махсус қайтиш марказлари»ни очиш масаласи ҳозирча ушбу битимга киритилмаган.

Ўзбекистондаги учрашувлардан сўнг, икки вазир энергетика соҳасида муҳим аҳамиятга эга бўлган Қозоғистонга ҳам ташриф буюриши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид