
Автомобил юрган масофасини сохталаштирганлар жаримага тортилади
Ўзбекистонда автомобилни сотишдан олдин одометр кўрсаткичларини ўзгартирган ёки бу ҳақда харидорни хабардор қилмаган шахсларга маъмурий жавобгарлик жорий этилиши мумкин.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида» қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Қонун лойиҳасига кўра, транспорт воситасини сотишдан олдин унинг одометри, яъни автомобил босиб ўтган масофани кўрсатувчи қурилманинг ўзгартирилгани ёки алмаштирилгани ҳақида харидорга маълум қилмаслик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.
Ушбу қонун лойиҳасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 121-1-моддани киритиш таклиф қилинмоқда. Унга мувофиқ, автомобил сотишдан олдин харидорни одометр кўрсаткичларидаги ўзгариш ҳақида хабардор қилмаган шахсга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача — 4,12 миллион сўмдан 6,18 миллион сўмгача жарима солиниши мумкин.
Ташаббус автомобил бозорида шаффофликни таъминлаш, фойдаланилган транспорт воситалари нархларини сунъий ошириш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда харидорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Қонун лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси 20 ноябрга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги саломатлиги сабабли хавфсизлик камарини тақмасликка рухсат берилган касалликлар ва ҳолатлар рўйхати лойиҳасини муҳокамага қўйганди.





