
«Автомобил ютиш» ҳақидаги сохта ўйинларга ишонманг — UzAuto Motors
Компания ижтимоий тармоқларда тарқалаётган «Chevrolet автомобилини ютиб олиш» борасидаги хабарлар UzAuto Motorsга алоқаси йўқлиги ва сохта эканини маълум қилди.

Интернетда Chevrolet-uz-2025.MFREESITESnet номли сохта ҳавола орқали «UzAuto Motors» ширкати номидан ютуқли ўйин ҳақидаги хабарлар тарқалди. Ушбу саҳифа орқали фуқароларга гўёки Chevrolet автомобилини ютгани ҳақида хабарлар келиб тушаётгани кузатилган. Компания вакиллари бу маълумотларнинг мутлақо асоссиз экани маълум қилмоқда.
UzAuto Motors’нинг расмий баёнотига кўра, компания томонидан ҳеч қандай ютуқли ўйинлари ўтказилмаган ва бу каби хабарлар фуқароларни чалғитишга қаратилган сохта тарғиботдир. Корхона интернетда ўз номи билан тарқатилаётган бундай хабарлардан огоҳ бўлишни сўраб, улар фақат фирибгарлик мақсадида яратилганини таъкидлади.
Компания фаолиятига оид барча янгиликлар фақат расмий манбаларда эълон қилинишини қайд этар экан, фуқароларни тасдиқланмаган саҳифаларга ишонмасликка чақирди. UzAuto Motorsнинг расмий веб-сайти ва ахборот каналлари компания ҳақидаги ягона ишончли маълумот манбаи ҳисобланади.
Мутахассислар бундай сохта ҳаволалар орқали фуқароларнинг шахсий маълумотлари ёки маблағларини ўзлаштириш хавфи юқорилигини эслатиб ўтмоқда. Шу боис, компания ва киберхавфсизлик бўйича мутахассислар интернетдаги шубҳали саҳифалардан қатъий равишда четланишни ҳамда бундай ҳолатлар юзага келганда расмий идораларга мурожаат қилишни тавсия қилади.
Vaqt.uz аввалроқ юзлаб фойдаланувчиларнинг пластик карталаридан «PL Humans PSP H2H» белгиси билан номаълум равишда йирик суммалар ечиб олингани ҳақида хабар берган эди.





