
Автопилотли автмобиллар 34 млнга етди: ҳайдовчилар керак бўлмайдиган давр яқинлашмоқда
Сунъий интеллектга асосланган ақлли транспорт тизимлари ҳайдовчилик гувоҳномаси тушунчасини ҳам тарихга айлантириши мумкин — гап миқёсда.

Автоном транспорт технологиялари шу қадар тез ривожланмоқдаки, яқин йилларда ҳайдовчилик гувоҳномасига бўлган эҳтиёж бутунлай йўқолиши мумкин. Камералар, сенсорлар ва алгоритмлар воситасида бошқариладиган машиналар нафақат автомобил саноатини, балки шаҳар дизайни ва ижтимоий ҳаётни ҳам ўзгартирмоқда.
Айни пайтда дунё бўйлаб 34 миллионга яқин автоном транспорт воситаси йўлларда ҳаракатланмоқда. Яқин беш йилда бу рақам 126 миллионга етиши мумкин. 2030 йилгача эса 58 миллион янги автопилот ускуналари сотилиши кутиляпти. Рақамлар ҳам жуда катта: бозор ҳажми ҳозирда 191 млрд доллар бўлса, 2032 йилга бориб 1,9 трлн долларга етиши мумкин.
Автоном транспорт воситалари нафақат йўллардаги хавфсизликни оширади (чунки инсон омили билан боғлиқ хатолар камаяди), балки шаҳарлар инфратузилмасини ҳам ўзгартириши аниқ. Автотураргоҳлар камроқ керак бўлади, улар ўрнида яшил майдонлар ёки турар-жой мажмуалари қурилиши мумкин.
Эксперт Яссин Аҳмаднинг таъкидлашича, бу транспорт воситалари кексалар ва ногиронлар учун мустақил ҳаракат имконини ошириши, иқтисодиётда эса хизмат кўрсатиш харажатларини қисқартиради. Бироқ, бу ўзгариш кўплаб анъанавий касбларнинг йўқолишига ҳам олиб келиши мумкин.
Шу билан бирга, бу технология ҳали ҳаммага ишонарли эмас. Ёмон об-ҳаво, кутилмаган манёврлар ва бошқа ҳайдовчиларнинг беқарор ҳаракатлари каби сценарийлар муаммо туғдиради. Ким айбдор бўлади? Маълумотлар махфийлиги кимга тегишли? Мушкул вазиятларда этик нуқтайи назардан — транспорт қандай қарорни қабул қилади? Мана шу саволлар ҳамон очиқ қолмоқда.





