add

Авторақамлар, бож ва тарифлар: 2025 йилда нима ўзгарди?

Бугун 15:505 дақиқа

2025 йил давомида Ўзбекистонда тарифлар, бож тўловлари, электрон савдо, транспорт ва молия соҳаларига оид қатор муҳим қарорлар қабул қилинди. Vaqt.uz ушбу иқтисодий ўзгаришларни ойма-ой ёдга олади.

2025 йил Ўзбекистонда иқтисодий сиёсат, тарифлар, солиқлар ва бозор муносабатлари соҳасида аҳоли ҳаётига бевосита таъсир қилган қатор муҳим қарорлар билан ёдда қолди. Энергия нархларидан тортиб, электрон савдо, транспорт, банк тизими ва ижтимоий тўловларгача бўлган йўналишларда қабул қилинган қарорлар жамоатчиликда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Vaqt.uz 2025 йил давомида қабул қилинган энг муҳим иқтисодий қарорларни ойма-ой ёдга олади.

Январ

Йил бошиданоқ Ўзбекистонда “тунги иқтисодиёт” концепцияси ишлаб чиқилди. Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан тайёрланган ушбу концепция доирасида 24/7 режимида ишлайдиган ҳудудлар, тунги бозорлар, маданий тадбирлар, тунги жамоат транспорти ҳамда “Тунги шаҳар” платформасини жорий этиш назарда тутилди.

Январ ойида қабул қилинган яна бир муҳим қарор — Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаган электрон савдо платформалари фаолиятини тақиқлаш бўлди. Унга кўра, 1 июлдан бошлаб электрон тижорат оператори сифатида фақат Ўзбекистон резидентлари — давлат рўйхатидан ўтган юридик шахслар фаолият юритиши мумкинлиги белгиланди.

Феврал

Феврал ойида экология ва технология кесишган нуқтада жамоатчиликда катта муҳокамаларга сабаб бўлган қарор қабул қилинди. Электромобиллар учун утилизация йиғими оширилди. Автомобил ишлаб чиқарилган йилига қараб ушбу тўлов 45 миллион сўмдан 78,5 миллион сўмгача этиб белгиланди. Қарор жамоатчилик орасида норозилик ва шов-шувларга сабаб бўлди.

Шу ойда яна бир муҳим қарор қабул қилиниб, Тошкент ва бошқа йирик шаҳарларда зарарли ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш тақиқланди. Режага кўра, 168 та саноат корхонаси шаҳар ташқарисига кўчирилиши белгиланди.

Март

Март ойида “Temu” электрон савдо платформасининг блокланиши кун тартибининг марказида бўлди. Солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтмаган ва маҳаллий қонун талабларига риоя қилмагани сабабли, 20 мартдан бошлаб “Temu” Ўзбекистон ҳудудида блокланди.

Шунингдек, бозорларни ҳокимликлар тасарруфидан чиқариш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. Бозорларга эгалик қилишда маҳаллий ҳокимиятларнинг мажбурий иштироки тўғрисидаги норма бекор қилинди.

Апрел

Апрел ойида аҳоли турмуш даражасига бевосита таъсир қилувчи қарор қабул қилиниб, газ ва электр энергияси тарифларининг ҳар йили оширилиши белгиланди. Электр энергияси истеъмоли бўйича 201 кВт/соатдан 500 кВт/соатгача бўлган алоҳида тариф жорий этилди. 2026 йилдан эса электр ва газ тарифлари ҳар йили 1 майдан инфляция даражасини ҳисобга олган ҳолда, бироқ 10 фоиздан ошмаган миқдорда оширилиши белгиланди. Илгари тарифларни камида уч йилга ўзгаришсиз қолдириш режалаштирилган эди.

Шу ойда энергетика соҳасида яна бир муҳим ўзгариш юз берди. Жамоатчилик танқидларига қарамасдан, Жиззах вилоятида кичик атом электр станцияси қурилиши бошланди. Лойиҳа доирасида RITM-200N реакторларига эга АЭС учун дастлабки ишлаб чиқариш бинолари барпо этилди.

Июн

Июн ойидан бошлаб Ўзбекистонда хорижий фуқаролар учун “олтин виза” тизими жорий этилиши эълон қилинди. Унга кўра, хорижий давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар 200 минг АҚШ доллари тўлови эвазига, кўчмас мулк харид қилмасдан туриб, 5 йил муддатга яшаш гувоҳномасини олиш имконига эга бўлди. Ушбу қарор инвестициявий жозибадорликни оширишга қаратилган қадам сифатида баҳоланди.

Шунингдек, 1 июлдан пенсия ва нафақалар, 1 августдан эса иш ҳақи ҳамда стипендиялар 10 фоизга оширилиши маълум қилинди. Аввалги ошириш 2024 йил 1 сентябрда амалга оширилган бўлиб, ўшанда тўловлар 15 фоизга кўтарилган эди.

Июл

Июль ойида жамоатчилик диққат марказида SeaBreeze лойиҳаси билан боғлиқ масала бўлди. Лойиҳа атрофида ҳукумат, тадбиркорлар ва фуқаролик жамияти вакиллари ўртасида турли нуқтаи назарлар билдирилди. Айримлар лойиҳани иқтисодий имконият сифатида баҳолаган бўлса, бошқалар экологик ва шаҳарсозлик жиҳатдан хавотирларини билдирди. Муҳокамалар ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида кенг резонансга сабаб бўлди.

Август

Август ойида аҳоли ва бизнес учун бевосита таъсир кўрсатувчи қарор қабул қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдори оширилди. Ушбу ўзгариш натижасида солиқлар, жарималар, давлат хизматлари ҳамда бож тўловлари миқдори автоматик равишда ошди.

Сентябр

Сентябрь ойида иқтисодий ва маиший ҳаётга бевосита таъсир қилган бир қатор қарорлар жамоатчилик муҳокамалари марказида бўлди. Хусусан, АИ-80 маркали бензин савдосининг тўхтатилиши кенг резонансга сабаб бўлди. “Ўзбекнефтгаз” АЖ 2 сентябрдан бошлаб мазкур ёқилғини биржа савдолари орқали сотишни тўхтатганини маълум қилди. Бу қарор автомобиль бозори ва аҳоли орасида турли баҳоларга сабаб бўлди.

Шу ойда чиройли авторақамлар савдоси тартиби ҳам ўзгартирилди. Янги тизимга кўра, ҳарфли комбинациялар жорий этилди, аукцион орқали сотиш амалиёти бекор қилинди ҳамда ягона онлайн база орқали давлат рақамини танлаш имконияти яратилди. Шунингдек, 6 тагача ҳарф ёки рақамдан иборат шахсий комбинацияларни расмийлаштириш имкони пайдо бўлди.

Октябр

Октябр ойидан бошлаб мопед ва скутер ҳайдовчилари учун янги талаблар кучга кирди. Унга мувофиқ, мопед ва скутерлар давлат рўйхатидан ўтказилиши, давлат рақами билан таъминланиши ҳамда ҳайдовчиларнинг ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши мажбурий этилди. Ушбу қарор минглаб курьерлар ва бошқа фойдаланувчилар учун қийинчиликлар келтириб чиқарди.

Жамоатчилик танқидлари ва муҳокамаларидан сўнг, мазкур тоифадаги транспорт воситалари учун алоҳида “A1” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси жорий этилди. Бу қарор муаммони қисман юмшатган бўлса-да, мавзу ой давомида жамоатчилик эътиборида қолди.

Ноябр

Ноябрь ойида молия соҳасида узоқ йиллардан бери муҳокама қилиб келинган масала ижобий ҳал этилди. Исломий банклар фаолиятини жорий этишга оид қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистонда 2030 йилгача камида 10 та исломий банк ташкил этилиши режалаштирилган.

Шунингдек, амалдаги тижорат банкларида “исломий дaрчa” очилиши назарда тутилди. 7 йилдан ортиқ давом этган муҳокамалардан сўнг ушбу қарор қабул қилиниши жамоатчилик ва бизнес доираларида ижобий муносабат билан кутиб олинди.

Декабр

Йилнинг сўнгги ойида аҳоли кундалик ҳаётига дахлдор қарорлар муҳокамаларга сабаб бўлди. Хусусан, рецептсиз дори воситаларини сотиш тартиби ҳамда фармацевтика бозоридаги назорат масалалари жамоатчилик эътиборида бўлди.

Шунингдек, нақд пулсиз ҳисоб-китобларни кенгайтириш доирасида муҳим қарор қабул қилиниб, Ўзбекистонда ягона QR-код орқали тўловларни қабул қилиш мажбурий этиб белгиланди. Ушбу янгилик рақамли тўлов тизимларини ривожлантириш йўлида йилнинг энг муҳим иқтисодий қарорларидан бири сифатида баҳоланди.

 

 

 

Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 27

Барчаси

Мавзуга оид