add

Аёлларда яхшироқ: кредит тарихини қандай олиш мумкин?

Ўзбекистонликлар 2025 йилда 2,3 млн марта кредит тарихидан фойдаланди. Уларнинг асосий қисми эркаклар, бироқ аёлларда кредит тарихи яхшироқ. Бу хизматдан қандай фойдаланиш ва бошқа маълумотларни Vaqt.uz'да ўқинг.

Аёлларда яхшироқ: кредит тарихини қандай олиш мумкин?

Кредит ахборот таҳлилий маркази 2025 йил учун ўзбекистонликларнинг кредит тарихи ҳақида маълумот берди

Йил давомида кредит тарихидан 2 млн 293 мингта фойдаланилган, уларнинг 99,3 фоизи жисмоний шахсларга тўғри келади. Таққослаш учун 2024 йилда 1,07 млн марта, 2023 йилда эса 506,5 минг марта кредит тарихидан фойдаланилган. 

Ёшлар тоифаси кесимида 26-35 ёш орасидаги мамлакат аҳолиси энг кўп кредит тарихига иши тушган — 40 фоиз. Кейинги ўринни 23 фоиз билан 36-45 ёш аҳоли эгаллади. Маълумотлардан сўнгги уч ойда рекорд даражада кўп фойдаланилмоқда. 

1

Кредит тарихидан фойдаланганларнинг ярмидан кўпи йил давомида фақат бир марта бу маълумотни олган. Бу эса кредит тарихини биринчи марта олиш бепул экани билан боғлиқ. 

Жинс кесимида алоҳида қаралса, умумий кўрсаткичнинг 68 фоиз эркаклар, 32 фоизи аёллар бўлди. Шунга қарамай, эркакларнинг 12,1 фоизи, аёлларнинг 10,9 фоизи салбий (қониқарли ва ёмон) кредит тарихига эга. 

Яъни аёллар камроқ кредит тарихидан фойдаланган бўлсада, улуш нисбатида эркакларга қараганда яхшироқ кредит тарихига эга. Бироқ, аъло кредит тарихига эга эркаклар улуши 78 фоиз билан ўз йўналишида энг юқори кўрсаткични қайд этган. 

2

Умумий ҳолатда 55 фоиз ўзбекистонликларнинг кредит тарихи ўртача экани маълум бўлди. Бу уларнинг аксарияти кредит олмагани билан боғлиқ. Лекин, бу кўрсаткич сўнгги пайтларда камайиб бормоқда — 2022 йилда кредит тарихидан фойдаланганларнинг 67,7 фоизи ўртача баллга эга эди. 

Ҳудудлар кесимида фойдаланиш бўйича Тошкент шаҳри катта фарқ билан етакчи бўлди — 18,8 фоиз. Кейинги ўринларда Тошкент (11,9 фоиз) ва Самарқанд (8,1 фоиз) вилояти бормоқда. 

Кредит тарихини қандай олса бўлади? 

Кредит тарихини ҳар ким кредит олмаган бўлса ҳам текшириб кўриш имкониятига эга. Хизматдан бир йилда бир маротаба бепул фойдаланиш мумкин. 

Қарз олувчилар 0 дан 500 гача бўлган оралиқдаги скоринг балл орқали баҳоланади ва ушбу оралиқ 5 гуруҳга бўлинади:

А – аъло (400-500 балл;

Б — яхши (300-400 балл);

C — ўртача (200-300 балл);

Д — қониқарли (100-200 балл);

Э — ёмон (0-100 балл).

Кредит тарихини 4 хил йўл билан билиб олиш имконияти бор: 

1) мобил илова орқали — Android | AppStore.

2) Кредит бюроси веб-сайтининг — https://portal.infokredit.uz/login шахсий кабинет бўлимидан.

Call-марказ: (+998) 712034747, Телеграм: @katm_uz

3) Ягона интерактив давлат хизматлари портали my.gov.uz орқали “Кредит тарихи” тўғрисида маълумотнома бериш саҳифасида. 

4) Ўзбекистонда жойлашган барча "Ягона дарча" Давлат хизматлари марказлари орқали.

Хизматдан бир йилда бир марта бепул фойданалиш имконияти бўлсада, КАТМ иловасида скоринг баллини ҳар куни бепул кузатиб бориш мумкин. 

My.gov.uz орқали кредит тарихи йилига бир мартадан кўп олинганда 14 834 сўм, Кредит бюроси орқали олинганда 16 480 сўм тўланади. 

Бундан ташқари ўзбекистонликлар “Freeze” ва “Кредитга тақиқ” хизматидан ҳам фойдаланиш мумкин. 

“Freeze” хизмати орқали кредит тарихи олинишини музлатиб қўйиш мумкин. Бу эса кредит ташкилотларига кредит бериш имкониятини йўққа чиқаради. Кўпчилик фирибгарликдан қочиш мақсадида бу хизматдан фойдаланади. 

“Кредитга тақиқ” хизмати ҳам фирибгарликни олдини олиш учун ишлатилади. Бу орқали аҳоли уларнинг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битими расмийлаштирилишининг олдини олиш имконига эга бўлади. 

Теглар

Фозил Қамбаров

Фозил ҚамбаровМақолалар сони: 33

Барчаси

Мавзуга оид