Logo

«Айвонлар ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли даражада гўзал» — Трамп Шавкат Мирзиёевга совға учун миннатдорлик билдирди

Вашингтондаги боғда ўрнатилган айвонлар АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан совға қилинган. Трамп уларни шахсий мулки сифатида қабул қилмай, Америка халқига тақдим этишга қарор қилганини айтди.

«Айвонлар ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли даражада гўзал» — Трамп Шавкат Мирзиёевга совға учун миннатдорлик билдирди © Ijtimoiy tarmoqlar

АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакат мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва ўзбек халқи номидан совға қилинган айвонлар учун миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда у «Truth Social» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзиб қолдирди.

«Мамлакатимиз мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан менга туҳфа этилган гўзал ўзбек айвонлари учун Ўзбекистоннинг юксак ҳурматга сазовор Президенти Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон элчиси Фурқат Сидиқов ва АҚШ ички ишлар вазири Дуглас Бергум иштирокида бўлиб ўтган айвонларнинг очилиш маросими вақтида “Marine One” вертолётида ушбу ҳудуд узра парвоз қилиш мен учун катта шараф бўлди. Айвонлар ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли даражада гўзал!», — деб ёзди Трамп.

АҚШ президенти ўзбекистонлик моҳир усталар ушбу айвонларни ноқулай об-ҳаво шароитида ўрнатганига алоҳида эътибор қаратди.

«Ўзбек моҳир ҳунармандлари бир неча ой давомида Ўзбекистондаги оилаларидан узоқда бўлиб, мураккаб об-ҳаво шароитида 200 йиллик тоғ ёнғоғи дарахтлари ёғочидан ушбу айвонларни юксак маҳорат билан бунёд этдилар. Улар чинакам истеъдод соҳибларидир», — дейилади постда.

Шунингдек, Трамп совғани «шахсий мулк» қолдирмасдан, уни жамоатчиликка тақдим этишга қарор қилганини билдирди. Улар «хавфсиз ва гўзал пойтахтимизда», Тидал Басин сув ҳавзаси бўйида, Томас Жефферсон ва Жорж Вашингтон ёдгорликлари манзараси очиладиган жойда қад ростлади.

«Бир йилдан сўнг, Миллий қаҳрамонлар боғи очилгач, ушбу айвонлар турмуш қуриш таклифларини билдириш, дипломатик қабуллар ўтказиш, сакура гуллари фестивали давомида фотосессиялар ташкил этиш ҳамда Тидал Басин ҳудудига кундалик ташрифлар учун шаҳарнинг энг машҳур масканларидан бирига айланади», — деди Трамп.

Пости охирида АҚШ президенти Ўзбекистон элчихонаси ҳамда Миллий боғлар хизмати (Натионал Парк Сервиcе)га ҳам миннатдорлик билдириб, «Биз Вашингтонни ҳар қачонгидан ҳам гўзал шаҳарга айлантирмоқдамиз!» дея қўшимча қилди.

Теглар

Мавзуга оид