БАА чет элликлар учун солиқ резидентлиги талабларини юмшатмоқчи

Бугун 09:452 дақиқа

Хавфсизлик билан боғлиқ вазият сабаб мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганлар аризалари можаро тугаганидан кейин алоҳида тартибда кўриб чиқилиши мумкин.

БАА чет элликлар учун солиқ резидентлиги талабларини юмшатмоқчи

Бирлашган Араб Амирликлари ҳукуматлари Эрон билан уруш бошланганидан кейин мамлакатни тарк этган чет элликлар учун солиқ резидентлиги талабларини юмшатишга тайёр эканини билдирмоқда. Бу ҳақда «Financial Times» хабар берди.

Ҳукумат қандай енгилликлар тайёрламоқда?

Гап экспатларнинг солиқ мақомини сақлаб қолиш учун БААда йил давомида минимал кунлар сонини ўтказиш мажбуриятини юмшатиш эҳтимоли ҳақида кетмоқда. Манбаларга кўра, хавфсизлик билан боғлиқ вазият сабаб мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганлар аризалари можаро тугаганидан кейин алоҳида тартибда кўриб чиқилиши мумкин.

Ҳозирда чет элликлар одатда йил давомида камида 183 кун ёки муҳим алоқалар – иш ёки доимий турар жоймавжуд бўлган тақдирда 90 кун мамлакатда бўлиши керак. Шу билан бирга, қонунчиликда «ҳаётий манфаатлар маркази» тамойили амал қилади, у инсоннинг асосий молиявий ва шахсий манфаатлари БААда жамланган бўлса, резидентликни сақлаб қолиш имконини беради.

Ҳукумат форс-мажор ҳолатларни, жумладан авиақатновлардаги узилишларни ҳам инобатга олиши мумкин. Эҳтимолий ўзгаришлар Федерал солиқ хизмати ва идентификация ҳамда чегара назорати учун масъул орган томонидан мувофиқлаштирилмоқда.

Шу билан бирга, амалдорлар автоматик истиснолар жорий этишни режалаштирмаяпти, балки аниқ ҳолатлар бўйича қарорлар қабул қилишни афзал кўрмоқда.

БААда солиқ йили 1-январдан бошланади, шунинг учун 28-февралда ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кейин мамлакатни тарк этганлар талаб қилинган кунлар сонига етмаслик хавфига дуч келмоқда. Масалан, Буюк Британияга қайтганлар учун бу солиқ юкининг сезиларли ошишига олиб келиши мумкин.

Нима учун бу муҳим?

Қоидаларни юмшатиш Дубай учун жуда муҳим, чунки у ўзини минтақанинг молиявий маркази сифатида намоён қилиб, даромадга нол солиқ ва хавфсиз юрисдикция сифатидаги обрўси орқали бой чет элликларни жалб қилади. Сўнгги воқеалар, жумладан инфратузилмага қилинган ҳужумлар, бу тасаввурга путур етказди.

Феврал охиридаги можаро бошида баъзи бой резидентлар мамлакатни тарк этган, аммо уларнинг бир қисми солиқ мақомини йўқотмаслик учун кейинчалик қайтиб келган. Вазиятни авиақатновларга қўйилган чекловлар янада мураккаблаштирмоқда: айрим Дубай рейслари бекор қилинган, ҳаво макони эса вақти-вақти билан ёпилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид