БААда нефт қазиб олиш икки баробарга қисқарди

Бугун 08:152 дақиқа

Эрон билан можаро ва Ҳўрмуз бўғозидаги кескинлик сабаб Бирлашган Араб Амирликлари нефт ишлаб чиқаришни кескин камайтиришга мажбур бўлди.

БААда нефт қазиб олиш икки баробарга қисқарди

Бирлашган Араб Амирликларида нефт қазиб олиш ҳажми кескин қисқарди. «Reuters» агентлиги хабар беришича, мамлакатда кунлик ишлаб чиқариш икки баробардан кўпроққа камайган.

Бундай ҳолатга Эрон билан давом этаётган можаро ва Ҳўрмуз бўғозининг амалда ёпиб қўйилгани сабаб бўлган. Натижада БААнинг давлат нефт компанияси — «ADNOC» бир қатор қазиб олиш объектларида ишни тўхтатишга мажбур бўлди.

Манбаларнинг айтишича, ишлаб чиқаришни қисқартириш ҳам қуруқликдаги, ҳам денгиздаги нефт конларига таъсир кўрсатган.

Портга ҳужум

Вазиятга Фужайра портида содир бўлган дрон ҳужуми ҳам таъсир қилган. Мазкур порт дунёдаги энг йирик нефт сақлаш марказларидан бири ҳисобланади.

Ҳужумдан кейин «ADNOC» портда нефт юклаш операцияларини вақтинча тўхтатган. Фужайра порти фаолияти дам олиш кунлари содир бўлган яна бир ҳужумдан кейин фақат якшанба куни қайта тикланган.

Аввалроқ «ADNOC» денгиз конларида қазиб олиш ҳажми қисқарганини эълон қилган эди, бироқ манбалар ҳозирда барча денгиз конларида иш тўлиқ тўхтатилганини билдирмоқда.

Бозорга таъсири

«OPEC» маълумотларига кўра, БАА жорий йил январ ойида кунига қарийб 3,4 миллион баррел нефт қазиб олган. Бу жаҳон бозоридаги умумий талабнинг 3 фоизидан ортиғини ташкил этади.

БАА «OPEC»да нефт қазиб олиш ҳажми бўйича учинчи йирик ишлаб чиқарувчи ҳисобланади.

Шу билан бирга, минтақадаги бошқа давлатларда ҳам ишлаб чиқариш қисқармоқда. Саудия Арабистони нефт қазиб олишни тахминан 20 фоизга камайтирган бўлса, Ироқда бу кўрсаткич қарийб 70 фоизга тушган.

Таҳлилчилар ҳисоб-китобларига кўра, Яқин Шарқда нефт қазиб олишнинг умумий қисқариши кунига 7–10 миллион баррелга етмоқда. Бу жаҳондаги умумий талабнинг тахминан 7–10 фоизига тенг.

Теглар

Мавзуга оид