«Баҳона қилмасдан, масъулиятни ошириш лозим», Сенаторлар ИИВ масъули жавобларидан норози бўлди

22.12.2025 | 10:352 дақиқа

Сенат ялпи мажлисида ички ишлар органларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими муҳокама қилиниб, масъулларнинг жавоблари етарлича асосланмагани, ижро интизоми сустлиги ва назоратнинг йўқлиги кескин танқид қилинди.

«Баҳона қилмасдан, масъулиятни ошириш лозим», Сенаторлар ИИВ масъули жавобларидан норози бўлди

2025 йил 18 декабр куни бўлиб ўтган Сенат ялпи мажлисида ички ишлар соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш самарадорлиги муҳокама қилинди. Энг муҳим масала сифатида суд ажримларининг ўз вақтида бажарилмаслиги оқибатида оғир жиноят содир этилган ҳолат тилга олинди.

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов айрим ҳолларда мажбурий даволаниши шарт бўлган шахслар ўз вақтида тиббий муассасаларга жойлаштирилмаётганини таъкидлади. У Денов туманида суд ажрими тўрт ойдан ортиқ ижро этилмагани оқибатида 2025 йил 1 май куни тўрт ёшли бола ўлдирилган фожиани мисол қилиб келтирди ва ички ишлар органларининг имкониятлари етарлими, деган саволни қўйди.

Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати раҳбари биринчи ўринбосари Раҳимжон Наимов айбдор ходимга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини, аммо тизимда шифохоналарда беморларни қабул қилиш учун бўш ўринлар камлиги, масофа ва маъмурий тартиблар билан боғлиқ муаммолар борлигини билдирди. Унинг айтишича, хизмат текширувларидан сўнг ходимларни қайта ўқитиш чоралари кўрилмоқда.

Бироқ сенатор Абдулҳаким Эшмуродов бу жавобдан қониқмаганини айтди.

«Денов туманига яқин масофадаги Шарғун шаҳрида даволаш муассасаси бор. Сиз эса масофа узоқ дедингиз. Шунақа дейишингизни олдиндан билганимиз учун аниқ мисол келтирдим. Бунда ходимлар масъулиятини кучайтириш керак. Нима учун ички ишлар бошлиғи ажрим ижросини назорат қилмади? 4,5 ой ҳам назорат қилмайдими? Майли, ички ишлар ходими жавобгарликка тортилибди. Лекин суд ажримини таъминлашни назорат қиладиган шахс, мансабдор нега жавобгарликка тортилмади? Бизда жуда кўп мисоллар бор. Мен фақат биттасини келтирдим холос. Баҳона қилмаслик керак, масъулиятни ошириш лозим», деди Абдулҳаким Эшмуродов.

Баҳсга Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов ҳам қўшилиб, ички ишлар вакиллари мажлисга тайёрланмай келганини билдирди.

«Сенатор ички ишлари тизимида ижро интизомини кучайтиришни талаб қиляпти ва у ҳақ. Бегуноҳ одам ўлиб кетмаслиги керак. Битта ходимни жавобгар қилган билан тинчиб қолмайди. Ходим масъулият зиммасида эканини сезиши зарур. Менимча, профилактика бошқармаси бошлиғи ўринбосари мажлисга тайёрланмасдан келибди», деди Қутбиддин Бурхонов.

Сенат раиси Танзила Норбоева эътирозларни ўринли деб баҳолаб, масъуллардан муаммолар бўйича аниқ ҳисобот тайёрлашни талаб қилди.

Теглар

Мавзуга оид