
Байкал бўйида 900 млн долларлик туризм маркази қурилади
Россиянинг Бурятия ҳудудида жойлашувчи Байкал кўли ёқасида йирик туристик лойиҳа бошланди. Ушбу марказ 5600 меҳмонни қабул қила олади.

«Мўъжизавий Байкал» деб номланган янги тўрт фасллик дам олиш маскани Россиянинг Бурятия Республикасида давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилади. Унинг умумий қиймати 90 млрд рубл (тахминан 900 млн доллар)ни ташкил этади. Туризм ва ҳордиқ соҳасига инвестиция киритувчи 7 та хусусий компания билан шартномалар имзоланди.
Байкал кўли бўйидаги махсус иқтисодий ҳудуд — «Байкал порти»да жойлашадиган масканда меҳмонхоналар, SPA мажмуалари ва кўнгилочар объектлар барпо этилади. Лойиҳа якунига етгач, маскан бир вақтнинг ўзида 5600 туристни қабул қилиш имконига эга бўлади. Бу эса минтақадаги туризм оқимини жиддий оширади.
Россия Иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари Дмитрий Вахруков ҳамда Бурятия раҳбари Алексей Циденов ушбу лойиҳани минтақанинг туризм салоҳиятини очишда муҳим қадам деб баҳолашмоқда. 2025 йилда давлат томонидан инфратузилма учун 215 млн рубл ажратилиши белгиланган. Бу маблағлар хусусий инвесторларни жалб этишда ҳал қилувчи рол ўйнаши кутилмоқда.
Strategy Partners компанияси вакили Дмитрий Арестовга кўра, лойиҳа доирасидаги дастлабки маблағлар ҳотеллар ва бошқа асосий инфратузилмани қуриш учун кифоя қилади. Бироқ тўлиқ қувват билан ишлаш учун қўшимча инвестиция зарур. Шунингдек, эркин ер участкаларининг чеклангани, юқори сифатли туристларни жалб этишдаги рақобат ва маблағ тақчиллиги лойиҳа олдидаги асосий муаммолар сифатида қайд этилмоқда.





