Белгия Тошкентда элчихонасини очмоқда

Шу вақтгача Белгия Ўзбекистон билан дипломатик алоқаларнинг асосий қисмини Остонадаги элчихонаси орқали юритиб келган.

Белгия Тошкентда элчихонасини очмоқда © Depositphotos

Белгия ҳукумати Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида ўз элчихонасини очишни режалаштирмоқда. Бу қадам икки давлат ўртасидаги сиёсий, дипломатик ва иқтисодий муносабатларнинг янги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради, дея хабар бермоқда Eureporter нашри.

Маълумот учун, Белгия Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 31 декабрда тан олган бўлиб, икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 10 мартда ўрнатилган.

Ўзбекистон эса 1995 йилдан буён Брюсселда ўз элчихонасига эга. Шу вақтгача Белгия Ўзбекистон билан дипломатик алоқаларнинг асосий қисмини Остонадаги элчихонаси орқали юритиб келган.

Сўнгги саккиз йил ичида Ўзбекистон ва Белгия ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада фаоллашди. 2025 йил октябрь ойида Мирзиёевнинг Брюсселга расмий ташрифи ҳам икки томонлама муносабатларда муҳим босқич бўлди. Ташриф давомида инвестициялар, савдо, логистика ва саноат соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.

Маълумотларга кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2020 йилдаги 70 миллион доллардан 2024 йилда 212,7 миллион долларга етган.Ўзбекистон Белгияга тўқимачилик маҳсулотлари, озиқ-овқат, кимё ва саноат маҳсулотларини экспорт қилмоқда. Белгия эса машинасозлик ускуналари, фармацевтика маҳсулотлари ва юқори технологияли жиҳозларни етказиб бермоқда.

Ҳозирда Ўзбекистонда Белгия капитали иштирокидаги 16 та корхона фаолият юритмоқда. Улар орасида тўқимачилик саноати учун ускуналар ишлаб чиқарувчи компаниялар ҳам бор.

Нашрнинг таъкидлашича, Белгиянинг Тошкентда элчихона очиш қарори оддий дипломатик қадам эмас. Бу Ўзбекистоннинг Европа учун муҳим иқтисодий ва стратегик шерик сифатидаги ўрни мустаҳкамланаётганининг навбатдаги тасдиғи ҳисобланади.

Теглар

Мавзуга оид