Бир шахснинг карталари ўртасидаги ўтказмалар комиссиясиз бўлади
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан банк тизимида аҳоли учун қулайликни оширишга қаратилган янги таклифлар маъқулланди.

Энди Ўзбекистонда жисмоний шахслар ўз банк карталари ўртасидаги пул ўтказмаларини комиссиясиз амалга ошира олади. Бу бугун, 5-май куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини барқарорлаштириш ҳамда тадбиркорларни ўйлантираётган муаммоли масалаларни ҳал этиш юзасидан тақдимот давомида таклиф этилиб, давлат раҳбари томонидан маъқулланди.
Тақдимоқтда рақамлаштириш ва нақд пулсиз тўловлар йўналишида аҳоли ва бизнес учун қулайликни оширишга қаратилган таклифлар билдирилди. Хусусан, айрим товар ва хизматлар учун тўловларни нақд пулсиз шаклда амалга ошириш амалиёти кенгайиб бораётгани боис, банк инфратузилмаси, комиссиялар ва истеъмолчиларга қайтариладиган кешбек тизимини такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Жисмоний шахсларнинг ўз банк карталари ўртасидаги пул ўтказмаларини комиссиясиз амалга ошириш, нақдсиз тўловларни аҳоли учун қулай бўлган шаклларини кўпайтириш, умумий овқатланиш, алкоголь, тамаки ва ёқилғи сотиш соҳаларида харид чеки бўйича ҳисобланган кешбекни тезкор қайтариш имкониятини яратиш таклиф этилди. Шу билан бирга, банк карталари орқали амалга ошириладиган операцияларда хавфсизликни таъминлаш мақсадида жорий этилган антифрод SMS-хабарномалар бўйича харажатларни қайта кўриб чиқиш, мобил иловалардаги хабарномалар ёки биометрик идентификация каби муқобил ечимлардан фойдаланиш таклиф қилинди.
Солиқ ва ташқи савдо бўйича таклифлар
Солиқ маъмурчилиги ва молиявий жарималар йўналишида солиқ имтиёзларини қўллашда юзага келаётган низоли ҳолатларни бартараф этиш, солиқ қарздорлиги бўйича ҳисобланаётган пеня асосий қарз суммасидан ошиб кетмаслиги бўйича нормани жорий этиш, чек бермаслик ҳолати юзасидан хабар юбориш тизимини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш, ҚҚС гувоҳномасини тўхтатиш тартибини такомиллаштириш илгари сурилди.
Ташқи иқтисодий фаолиятни соддалаштириш мақсадида импорт жараёнида бир-бирини такрорловчи ҳужжатларни қисқартириш, тадбиркорларга хорижда савдо уйлари, филиал ва ваколатхоналар очиш учун қулайроқ тартиб яратиш, «Ўзэкспомарказ» имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда миллий маҳсулотларни халқаро бозорларда кенг тарғиб қилиш бўйича таклифлар билдирилди.
Давлат раҳбари тадбиркорлик учун ортиқча тўсиқларни камайтириш, назорат ва тартибга солиш механизмларини соддалаштириш, рақамлаштириш жараёнларини бизнесга қўшимча юк эмас, қулайлик яратадиган воситага айлантириш зарурлигини таъкидлади.
Мутасаддиларга мавжуд саноат қувватларини тўлиқ ишга солиш, корхоналарни молиявий соғломлаштириш, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда тадбиркорлар учун қулай шароитларни кенгайтириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.





