
Бир талабани мутахассис қилиб тайёрлаш учун давлат йилига қанча пул сарфлаётгани айтилди
08.08.2025 | 16:3043554 дақиқа
Президент йиғилишида битирувчиларнинг ишга жойлашишидаги муаммолар, кадрлар етишмовчилиги ва олийгоҳлар молиявий самарадорлиги муҳокама қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида олийгоҳлар битирувчиларини ишга жойлаштириш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Суҳбатда охирги етти йилда олий таълим қамрови 42 фоизга етганига қарамай, кадрлар тайёрлаш тизими реал бозор эҳтиёжларига мос эмаслиги таъкидланди.
Мисол тариқасида, йилига 20 минг автомобиль ишлаб чиқараётган «BYD» заводида 100 та бўш иш ўрни мавжуд, уларнинг асосий қисми робототехника ва робот дастурлаш муҳандисларига тегишли. Кадр етишмовчилиги туфайли заводда 80 нафар хорижлик мутахассис ишламоқда. Корхона тўлиқ қувватга ўтгач, йилига 500 минг автомобиль ишлаб чиқариш режаси бор ва бунинг учун 4 минг олий малакали кадр талаб этилади.
Йиғилишда 83 миллиард долларлик йирик саноат лойиҳалари яқин 3–4 йилда 500 мингга яқин кадр эҳтиёжини юзага келтириши айтилди. Бироқ айрим йўналишларда, масалан енгил саноатда, битирувчиларнинг 42 фоизи замонавий ускуналарда ишлаш кўникмасиз бўлгани учун ишга жойлаша олмаяпти.
Президент ҳисоботлардаги камчиликларни танқид қилди. Бу йилги 231 минг битирувчидан 125 минги ишли деб қайд этилган бўлса-да, уларнинг 42 минги ўзини ўзи банд қилган. Ҳар бир талабани тайёрлаш учун давлат йилига 25–30 миллион сўм сарфлаётгани, аммо ярмидан кўпи паст малакали ишларда банд экани қайд этилди.
Йиғилишда қирқта олийгоҳнинг молиявий мустақилликка эга бўлгани самара бергани, айниқса иқтисодиёт, ҳуқуқ, тиббиёт, тиллар ва педагогика йўналишларида маблағ етарлилиги айтилди. Бироқ қишлоқ хўжалиги, муҳандислик ва STEM соҳаларидаги айрим олийгоҳлар ҳали ҳам етарли самара кўрсата олмаётгани таъкидланди. Президент «тармоқ–корхона–олийгоҳ» занжирини жадал йўлга қўйиш зарурлигини қайд этди.





