Logo

Биринчи объект Наманганда: Ўзбекистоннинг олтита ҳудудида IT-парк қурилади

Бугун 18:312 дақиқа

Наманганда қурилиши бошланган янги IT-парк лойиҳаси доирасида 2 мингга яқин иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Биринчи объект Наманганда: Ўзбекистоннинг олтита ҳудудида IT-парк қурилади

Президент Шавкат Мирзиёев Давлатобод туманидаги Янги Наманган шаҳарчасида IT-парк қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш Янги Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлаган.

Қайд этилишича, йил бошидан буён Наманган вилоятига 2 миллиард долларлик хорижий инвестиция киритилган. Шунингдек, Хитой, Туркия, Ҳиндистон ва Россиялик ҳамкорлар иштирокида ташкил этилган 1 миллиард 800 миллион долларлик 20 та янги қувват ишга туширилмоқда. Бу лойиҳалар орқали фармацевтика, енгил саноат, электротехника, қурилиш материаллари, озиқ-овқат ва кимё саноатида 6,5 мингта иш ўрни яратилади.

Олтита ҳудудда IT-парк қурилади

Маълум қилинишича, Хитойлик ҳамкорлар билан амалга оширилаётган 117 миллион долларлик йирик дастур доирасида Янги Наманган IT-парки қурилади. Ушбу лойиҳа асосида, шунингдек, Самарқанд, Чирчиқ, Нурафшон, Урганч ва Навоий шаҳарларида замонавий IT-парклар барпо этилиши режалаштирилган.

Янги Наманганда қуриладиган мажмуа мазкур дастурнинг биринчи объекти бўлади. Лойиҳа давлат раҳбарининг рақамли хизматлар экспортини ривожлантиришга қаратилган қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда.

Мажмуа 1,7 гектар майдонда қурилади. Унда 17 қаватли замонавий бино, таълим ва экспорт марказлари, коворкинг ва офис майдонлари, стартап акселератори ҳамда хорижий компаниялар учун махсус хизматлар тизими жойлашади.

Экспорт ва иш ўринлари


Президент Наманган аҳолисининг 1 миллион 600 мингдан ортиғини ёшлар ташкил этишини катта ижтимоий-иқтисодий капитал сифатида баҳолади. Шу боис ёшларни ахборот технологиялари ва сунъий интеллект соҳаларида тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

IT-парк лойиҳаси доирасида 2 мингга яқин юқори даромадли иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Шунингдек, IT-парк фаолияти натижасида вилоятда ахборот технологиялари хизматлари ҳажмини йиллик 500 миллиард сўмга, экспортни эса 30 миллион долларга етказиш кўзда тутилган.

Теглар

Мавзуга оид