
Биржада ун нархида сезиларли пасайиш кузатилди
Ўтган ҳафта давомида ўтказилган биржа савдолари аввалги ҳафтага нисбатан бироз кўпайгани маълум бўлди.

Ўтган ҳафта, 10–16 ноябр кунлари «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖнинг барча савдо платформаларида 34 860 та битим тузилган бўлиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 3,5 фоизга кўп. Бу ҳақда биржа ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу битимларнинг 35,6 фоизи биржа савдоларига, қолган 64,4 фоиз қисми эса электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келди. Шунингдек, бу давр мобайнида очиқ биржа савдолари орқали 12 393 та битим тузилди.
Биржа савдоларида ўтган ҳафта 10 637 тонна ун сотилди. Бир тонна уннинг кунлик ўртача нархи 4 млн 94,2 минг сўмдан 3 млн 974,8 минг сўмгача пасайди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 118 нафар харидор иштирок этди.
Шу билан бирга, биржа савдоларига 3 485 тонна полиэтилен қўйилди ва ундан 3 371 тоннаси сотилди. Бир тонна полиэтилен кунлик ўртача нарх 16 млн 52,3 минг сўмдан 16 млн 10,7 минг сўмгача пасайди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 74 нафар харидор иштирок этди.





