Logo

«Black Friday»: айрим брендлар чегирмалардан нега воз кечмоқда?

Бугун 17:454 дақиқа

«Pinko», «REI» ва «The Ordinary» каби компаниялар оммавий чегирмалардан четда қолишни афзал кўрмоқда. Бироқ кўпчилик брендлар учун «Black Friday» ҳамон онлайн савдонинг асосий таянчи бўлиб қоляпти.

«Black Friday»: айрим брендлар чегирмалардан нега воз кечмоқда? © ij tarm

«Black Friday» — савдо компаниялари учун йилнинг энг қизғин палласи. Бу кунларда брендлар нархларни тушириб, махсус таклифлар орқали харидорларни жалб қилиш ва савдо ҳажмини оширишга уринади. Аммо ҳамма ҳам бу пойгага қўшилаётгани йўқ: айрим компаниялар чегирмалардан бутунлай воз кечса, бошқалари акция кунлари дўконларини вақтинча ёпишни афзал кўрмоқда.

«Reuters» агентлиги Италиянинг «Pinko» мода бренди, АҚШнинг «REI» савдо тармоғи ҳамда косметика ишлаб чиқарувчи «The Ordinary» компаниясини бунга мисол қилиб келтирилди.

«Pinko»: тушумдан кўра фойда маржаси муҳим

Италиянинг «Pinko» мода бренди 2026 йилда илк бор «Black Friday» акциясида қатнашмасликка қарор қилди. Компания раиси Пиетро Негра буни доимий чегирмалар бизнес учун зарарли одатга айланиб қолиши билан изоҳлади.

Унинг фикрича, «Black Friday» билан бир қаторда «оила ва дўстлар учун» акциялар, ёпиқ савдолар ва бошқа чегирмалар компанияларни нархни мунтазам пасайтиришга мажбур қилади. Бундай ёндашув эса бренднинг харидорлар билан ўрнатмоқчи бўлган муносабатига зид келади.

«Reuters» маълумотига кўра, акциядан воз кечиш «Pinko» учун тахминан 2 млн евро тушум йўқотилишига олиб келиши мумкин. Бироқ раҳбарият бу қарорнинг соф фойдага таъсири анча кам бўлишини таъкидламоқда.

Компания расмий баёнотида ҳам бу қадам маҳсулот қиймати, ходимлар меҳнати ва харидорлар ишончини асрашга қаратилгани қайд этилган.

Чегирмаларга ишонч сусаймоқдами?

Брендларнинг бундай қарорлари фонида истеъмолчиларнинг акцияларга муносабати ҳам эътиборга молик. «Boston Consulting Group» («BCG») ташкилотининг 2026 йилги тадқиқоти харидорлар орасида чегирмаларнинг ҳақиқийлигига шубҳа борлигини кўрсатди.

2026 йил сентябрида Европа, Шимолий Америка ва Австралиянинг 10 та бозорида 18–75 ёшдаги 10 220 нафар истеъмолчи ўртасида сўров ўтказилган. Унда иштирокчиларнинг бор-йўғи 54 фоизи йил охиридаги акцияларда нархлар чиндан ҳам одатдагидан паст бўлишига ишонишини айтган. 20 фоиз респондент эса бундай чегирмаларга умуман ишонмаслигини билдирган.

Яна бир муҳим жиҳат: йил охиридаги савдоларда камроқ пул сарфлашни ёки умуман харид қилмасликни режалаштираётганларнинг 22 фоизи йил давомида чегирмалар шундоқ ҳам кўплиги сабаб махсус акцияларга қизиқиши пастлигини қайд этган. Бу кўрсаткич 2025 йилга нисбатан 2 фоиз бандга ошган.

«BCG» хулосасига кўра, бугунги харидор учун чегирманинг катта фоизидан кўра унинг ҳаққонийлиги муҳимроқ.

«REI» харидорларни дўконларга эмас, табиат қўйнига чорлайди

«Black Friday»дан воз кечиш янгилик эмас. АҚШнинг «REI» кооператив савдо тармоғи 2015 йилдан бери шу куни дўконларини ёпиб, ходимларини табиат қўйнида дам олишга ундаб келади.

«Opt Outside» деб номланган бу ташаббус 2022 йилда компаниянинг доимий сиёсатига айланди. Шундан буён «REI» ҳар йили «Black Friday» куни савдо нуқталарини ёпади ва ходимларга ҳақ тўланадиган дам олиш куни беради.

Компания маълумотига кўра, 2026 йил 27 ноябрда АҚШдаги барча дўконлар, тарқатиш ва қўнғироқ марказлари ҳамда бош қароргоҳ ёпиқ бўлади. Тахминан 12 минг нафар ходим шу куни дам олади.

Бироқ онлайн савдо бутунлай тўхтатилмайди: мижозлар интернет орқали буюртма беришлари мумкин, фақат уларни расмийлаштириш ва етказиб бериш эртаси куни бошланади. Шу тариқа «REI» бу қадамни шунчаки бир кунлик акция эмас, балки корпоратив маданият ва ходимларга ғамхўрлик ифодаси сифатида кўрсатмоқда.

«The Ordinary» савдони тўхтатиб, қон топширишга чақиради

Косметика бозоридаги «The Ordinary» бренди ҳам «Black Friday»га ўзгача ёндашади. Компания сўнгги етти йилдан буён шу куни дўконлари ва веб-сайтини ёпиб, шошилинч ва ўйламай қилинадиган харидларга қарши эканини намойиш этиб келади.

2026 йилда бренд бу ташаббусни қон донорлиги билан уйғунлаштирди. 27 ноябр куни Ню-Йорк ва Торонтода қон топшириш акциялари ўтказилмоқда. Лондон ва Копенгагенда эса хоҳловчилар ўз қон гуруҳини аниқлатиш имкониятига эга бўлади.

«The Ordinary» расмий баёнотида «Black Friday» одамларни кераксиз буюмларни сотиб олишга ундайдиган шошма-шошарлик муҳитини яратиши қайд этилган.

Ҳамма ҳам чегирмалардан воз кеча олмайди

«Black Friday»ни танқид қилиш ҳар доим ҳам ундан бутунлай воз кечишни англатмайди. Британиянинг «UpCircle» косметика бренди бунга яққол мисол.

Компания қаҳва қолдиқлари, сули қобиқлари ва озиқ-овқат саноатининг бошқа чиқиндиларидан крем ҳамда бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаради. «UpCircle» ўз маркетингида ортиқча ишлаб чиқариш ва исрофгарчиликка қарши ғояларни тарғиб қилади, бироқ шунга қарамай, «Black Friday» акцияларида фаол қатнашади.

Бренд асосчиси «Reuters»га берган изоҳида ижтимоий тармоқларда ортиқча истеъмолни танқид қилувчи постлар жойлаш билан бирга, маҳсулотларга 25 фоизлик чегирма ҳам таклиф этилишини айтган.

Унинг сўзларига кўра, чегирма янги мижозларни бренд маҳсулотларини илк бор синаб кўришга ундайди. Қолаверса, компания йиллик онлайн савдосининг 20 фоизини айнан «Black Friday» атрофидаги уч ҳафтада амалга оширади. «UpCircle»нинг 2026 йилги акция саҳифасида ҳам барча маҳсулотларга 25 фоиз, обуна хизматларига эса 30 фоиз чегирма эълон қилинган.

 

Теглар

Мавзуга оид