
БМТ Судандаги «даҳшатли ваҳшийликларни» тўхтатишга чақирди
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ал-Фаширдаги қирғин ва очарчилик ҳақида эълон қилиб, дунёни зудлик билан аралашишга чақирди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолкер Турк Суданнинг Ал-Фашир шаҳрида оммавий қотилликлар, зўрлашлар ва этник қирғинлар содир бўлаётганини айтиб, жаҳон ҳамжамиятини геноциднинг расман тан олинишини кутмасдан зудлик билан аралашишга чақирди.
Туркнинг сўзларига кўра, 18 ойлик қамалдан сўнг шаҳарни эгаллаб олган Тезкор ҳаракат кучлари (ТҲК) жангарилари тинч аҳолини оммавий қирғин қилган.
«Одамлар даҳшатли шароитларда яшашган - озиқ-овқат ва сувсиз, баъзилар ҳайвонлар учун озуқа ва ерёнғоқ пўстлоғини ейишга мажбур бўлишган», - деди у.
Олий комиссар оммавий қотилликларнинг ишончли далиллари ва кўплаб зўрлаш ва қийноқ ҳолатлари ҳақида хабар бериб, қочишга уринишда одамлар отиб ташланганини таъкидлади.
Олий комиссар бундай ваҳшийликлар Суданнинг нефтга бой Кордофан минтақасида такрорланиши хавфи ҳақида огоҳлантирди.
«Умид қиламанки, халқаро ҳамжамият ниҳоят уйғонади», - деди Турк. Унинг фикрича, ушбу фалокатлар ҳақидаги огоҳлантиришлар ўтган йил давомида берилган бўлса-да, халқаро ҳамжамият томонидан улар эътиборга олинмаган.





