
БМТ: Украинада беқиёс уй-жой инқирози юзага келди
Россиянинг кенг кўламли босқинидан кейин Украинада 10 фоиздан зиёд уй-жой фонди яроқсиз ҳолатга келди. 10,6 миллион одам ўз уйини тарк этган.

БМТнинг Халқаро миграция ташкилоти (IOM) Украинадаги уй-жой вазияти бўйича янги ҳисобот эълон қилди. Унда мамлакат «беқиёс уй-жой инқирози»га дуч келаётгани қайд этилган. Бу — 2022 йилдаги Россиянинг кенг кўламли босқинидан 3,5 йил ўтишига қарамай ҳал қилинмаган муаммо ҳисобланади.
Ҳисоботга кўра, мамлакатда 236 мингдан ортиқ бино вайрон қилинган ёки шикастланган. Бу 2,5 миллион уй-жой бирлигига тўғри келади — Украинадаги умумий уй-жой фондининг тахминан 10 фоизи. Айниқса, Донецк ва Харкив областларидаги қуролли тўқнашувлар уй-жойларнинг бузилишига асосий сабаб бўлмоқда.
Украина ҳудудида ҳозирда 3,7 миллион ички кўчирилган шахс яшамоқда. Улардан икки кишидан бири уй ижараси учун даромадининг 50 фоизидан кўпроғини сарфлаяпти. Бу эса аҳолининг молиявий захираларини тугатиб, ижара бозоридаги талаб ва таклиф мувозанатини бузмоқда.
БМТ ҳисоботи шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатда ижтимоий уй-жой танқислиги, ижара бозоридаги назоратсизлик ва аҳоли миграцияси уй-жойга эгалик қилиш имкониятларини кескин чекламоқда. Хусусан, 27 мингга яқин кўп қаватли уйлар ва 222,6 мингта хусусий хонадонлар шикастланган.
Миграция ташкилоти халқаро ҳамжамиятни Украинадаги уй-жой инқирозини бартараф этиш учун қўшимча ёрдам ва инвестициялар киритишга чақиради.





