«Boeing» буюртмаларининг ортиши АҚШ компанияларига катта фойда келтирди

23.01.2026 | 18:202 дақиқа

«Boeing» буюртмалари кескин ошиши АҚШнинг хорижий давлатлар билан 244 млрд долларлик хорижий савдо шартномалари тузишига сабаб бўлди.

«Boeing» буюртмаларининг ортиши АҚШ компанияларига катта фойда келтирди

2025 йилда АҚШ компаниялари АҚШ Савдо вазирлиги кўмагида хорижий давлатлар билан жами 244 миллиард долларлик давлат харидлари шартномаларини имзолади. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан қарийб уч баробарга юқори бўлиб, асосий ўсиш авиасозлик гиганти «Boeing» компанияси буюртмаларининг кескин кўпайиши билан боғлиқ. Бу ҳақда Савдо вазирлиги таркибидаги Халқаро савдо маъмурияти маълум қилди.

Экспорт ва иш ўринларига таъсир

Маълумотларга кўра, 2025 йилда имзоланган 121 та шартнома таркибида 206 миллиард долларлик АҚШ экспорти мавжуд бўлиб, улар тахминан 844 мингта иш ўрнини яратади. Солиштириш учун, 2024 йилда, яъни Жо Байден маъмуриятининг сўнгги йилида, бундай шартномалар ҳажми 87 миллиард долларни ташкил этган. 2021 йилда эса пандемия даврида бу кўрсаткич 17 миллиард долларгача тушиб кетган.

«Boeing» ва йирик авиашартномалар

2025 йилда «Boeing» компаниясининг тоза буюртмалари 1 075 та самолётга етди, бу 2024 йилдаги 377 та кўрсаткичдан анча юқори. Компания сўнгги етти йил ичида илк бор асосий рақиби «Airbus»ни ортда қолдирди. «ITA» ҳисоб-китобларига кўра, «Boeing» самолётлари ва «GE Aerospace» двигателлари 2025 йилдаги шартномаларнинг 215 миллиард долларини ташкил этган. Энг йирик битимлардан бири «Qatar Airways» билан тузилиб, 210 та «787» ва «777X» кенг фюзеляжли самолётларни қамраб олган. Бунинг қиймати 96 миллиард долларга баҳоланган.

Савдо сиёсати ва янги лойиҳалар

Шунингдек, 50 миллиард долларлик келишув «Korean Air Lines» билан имзоланган бўлиб, у АҚШ ва Жанубий Корея ўртасидаги савдо ва инвестиция битимининг бир қисми ҳисобланади. Бундан ташқари, АҚШ компаниялари 2025 йилда инфратузилма ва таъминот занжири соҳасида 8,3 миллиард долларлик лойиҳаларни қўлга киритди. Хусусан, «Wabtec» Қозоғистонга 300 та юк локомотиви етказиб бериш бўйича 4,2 миллиард долларлик шартнома имзолади.

«ITA» маълумотларига кўра, 2025 йилдаги умумий ҳажмга мудофаа соҳасида 10 миллиард доллар, энергетикада 7 миллиард доллар ва технологиялар, жумладан сунъий интеллект, киберхавфсизлик ва финтех соҳаларида 3,4 миллиард долларлик шартномалар ҳам кирган.

Теглар

Мавзуга оид